“Аллоҳга қасам, булар фаришталар…”
Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мавлоси Абу Рофи бундай деди:
«Бадр жангида ўлганлар ҳақида хабар келтирилди. Одамлар: “Мана Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб келди”, дейишди. Абу Лаҳаб: “Олдимга кел, эй биродаримнинг ўғли, қандай хабарлар бор?” деди. Абу Суфён унинг ёнига ўтирди ва қолганлар атрофларида тик туришди. Абу Лаҳаб: “Менга хабар бер, инсонлар аҳволи нима бўлди?” деб сўради. Абу Суфён: “Аллоҳга қасам, ҳеч нарса! Қавмга дуч келдик. Уларга елкаларимизни тутиб бердик. Бизларни хоҳлаганларича ўлдириб, хоҳлаганларича асир олишди. Булардан ташқари, осмон ва ер ўртасида от миниб олган оқ юзли кишилар пайдо бўлди, уларга ҳеч ким бас кела олмади, улар ҳам ҳеч кимни қолдиришмади”, деди».
Абу Рофи айтди: «Мен чодирнинг пардасини кўтардим ва: “Аллоҳга қасам, бу – фаришталар”, дедим»[1].
[1] Ибн Исҳоқ ва Абу Нуъайм ривояти. “ад-Далоил”. – Б. 408.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган