Мақолалар

Мужоҳада

Чоп этилди May 14, 2020 Мужоҳадаda fikr bildirishni o'chirish

“Мужоҳада” арабча сўз бўлиб, луғатда “жидду жаҳд қилиш”, “бор кучи билан ҳаракат қилиш”, деган маъноларни англатади.

Руҳий тарбия, тасаввуф илмида мужоҳада – охират саодатига эришиш йўлида жидду жаҳд қилишдир.

Абу Усмон Мағрибий айтади: “Ким бу йўл (тариқат йўли)дан ўзига бирон нарса очилиши ва кашф бўлишини истаса, у фақат мужоҳада билан бўлади. Акс ҳолда у киши хатодадир”.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!” (Анкабут сураси, 69-оят).

Шариат аҳкомларига амал қилишда бор кучи билан тиришган кишиларни Аллоҳ таоло ҳидоятга бошлаб қўйишини ва ундай бандалар билан бирга эканини баён қилган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссаломдан энг афзал жиҳод нима, деб сўрашди. У зот: “Золим султон ҳузурида ҳақ гапни айтиш”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).

Абу Али Даққоқ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким тариқат йўлининг бошида турмаса, охирида ўтирмайди. Яъни, солиҳ амалларда сабот билан ўзини қийнамаса, роҳат топмайди”.

Жунайд Бағдодий айтади: «Сарий Сақатийнинг: “Эй ёшлар жамоаси, менинг ёшимга етишингиздан олдин ғайрат қилинг. Бу ёшга етганингизда заиф ва лаёқатсиз бўлиб қоласиз. У пайтда ёшликдагидек ибодат қилиб бўлмайди”, деганини эшитдим».

Иброҳим Адҳам айтади: “Банда олти қийинчиликни кўрмагунча солиҳлардан бўла олмайди. Улар: нафсга роҳат эшигини ёпиб, ғайрат эшигини очиш; азизлик эшини ёпиб, хорлик эшиги очиш; ором эшини ёпиб, жидду жаҳд, сабот эшигин очиш; уйқу эшиги ўрнига бедорлик эшигини очиш; бойлик эшигини ёпиб, фақир эшигини очиш; орзу-хаёл эшигини ёпиб, ўлимга тайёргарлик эшигини очишдир”.

Ҳасан Қаззоз айтади: “Нафсни поклаш иши уч нарса устига қурилган: оч қолмагунча емаслик, уйқу ғолиб келмагунча ухламаслик, заруратсиз гапирмаслик”.

Мужоҳаданинг ҳақиқати нафсни одатларидан (болани кўкракдан ажратиш каби) ажратиб, доим унинг зиддига кўра иш тутишдир.

Нафснинг икки ёмон сифати бор: шаҳватга берилиш ва тоатдан бош тортиш. Ҳаддидан ошиб кетганида уни тутиб тақво билан юганлаш керак. Ўжарлик қилса, унинг хоҳишига хилоф қилиш шарт.

Абу Али Рўзборий айтади: “Инсонга офат уч нарса билан киради: касал мижоз, (ёмон) одатларга боғланиб қолиш, йўлдан урувчи дўстдир. Мен: “Касал мижоз нима?” деб сўрадим. У: “Ҳаром ейиш”, деди. “Одатларга ўрганиб қолиш нима?” дедим. У: “Назар, ҳаромдан роҳатланиш ва ғийбат”, деди. “Йўлдан урувчи дўст нима?” дедим. У: “Қачон нафсда ғалаён бўлса, шаҳват унга эргашади”, деб жавоб берди.

Абу Усмон раҳматуллоҳи алайҳ: “Бирон айбини кўрмайдиган киши ўзини яхши деб билади. Қачон нуқсонини кўра бошласа, барча ҳолатда нафсини айблай бошлайди”, деган.

Абу Ҳафс бундай дейди: “Ўз айбини билмасликдан кўра тез ҳалок қилувчи нарсани билмайман”. Тасаввуф илми устозларининг нафсни поклаш йўлида қилган ҳимматлари ва насиҳатлари бизга дастуриламалдир.

Роҳат-фароғат топиш учун эртаю кеч меҳнат қиламиз. Кимгадир у насиб қилади, кимга эса йўқ. Унга етишсак-да, бир куни у ёки умр тугайди. Хуллас, дунё неъматлари абадий эмас. Охират неъмати эса абадий, тугамасдир. Охират азоби ҳам абадий ва тугамас. Жаҳаннам азобига чидагандан бу дунёда риёзат чеккан афзал. Аллоҳ таоло карами буюк Зот. Оз амални кўпайтириб берувчидир.

“Рисолатул қушайрия” китоби асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 6-сонидан