Усмонхон Алимов: «Ҳайит намози қай тарзда ўқилиши борасида расман хабар берилади»
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жоме масжидларда Ҳайит намози ўқилиши тўғрисида тарқатилаётган хабарларга муносабат билдирдилар.
— Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ноўрин гапларда ҳеч қандай асос йўқ. Шу сабабли ҳар хил гап-сўзларга ишонманг. Масжидларда жамоат намозлари бошланишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси расман эълон қилади. Озгина қолди, шунчасига сабр қилдик. Шу сабрнинг орқасидан Аллоҳ кўп енгилликларни беряпти.
Олдимизда Рамазон Ҳайити келяпти. Бу борада ҳам ҳар хил миш-мишларга ишонмасдан, Ҳайит намозини ўқиш қандай тарзда бўлиши ҳақида ваколатли идора — Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар беради, — дедилар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳозирда 70 дан ортиқ қори онлайн тарзда Қурони карим хатмини ўтказаётганини таъкидлаб ўтдилар.
Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси таровеҳ ва жума намозларини масжидларда ўқиш бошланиши ҳақидаги аудиохабар ёлғон эканини билдирган эди.