Қозоғистонда масжидлар қачон очилиши маълум қилинди
Қозоғистон муфтийси Науризбай Тағанули мамлакатдаги масжидлар махсус санитария талабларига риоя қилинган ҳолда 18 май куни очилишини маълум қилди.
Масжидга келувчилар фақатгина алоҳида намоз ўқишлари мумкин бўлади. Жамоат намозларига (хусусан, жума ва таровиҳ намозлари) ҳозирча рухсат йўқ. Масжидда кўпи билан 15 дақиқа бўлиш мумкин, намоз ўқиб бўлиш билан ташқарига чиқиш зарур. Намоз ўқиш учун 1,5 метрлик масофалар белгиланган. Масжиднинг кўпи билан 30 фоизининг тўлишига рухсат берилади. Қўл бериб сўрашиш мумкин эмас.
Кексалар, саломатлиги яхши бўлмаганлар ва болаларга намозларни уйда ўқиш тавсия этилади.
Масжиднинг барча эшиклари очиқ туради, ҳонақоҳ ҳар 3 соат дезинфекция қилинади. Имом ва намозхонлар ҳимоя ниқоби ва тиббий қўлқоп тақишлари керак бўлади.