Мақолалар

Инсонлардан беҳожат бўлиш

Чоп этилди May 15, 2020 Инсонлардан беҳожат бўлишda fikr bildirishni o'chirish

Васиятдаги: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам” сўзлари инсонлардан беҳожат бўлишга чақиради.

Ҳадиси шарифда айтилади:

قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّمَ: “أَحَبُّ النَّاسِ إلى النَّاسِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنِ النَاسِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِمْ مَنْ احْتَاجَ إِلَيْهِمْ وأَحَبُّ النَّاسِ إِلي اللهِ مَنْ احْتَاجَ إلي اللهِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنْهُ وَاحْتَاجَ إِلىَ غَيْرِهِ”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одамлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва одамлар наздида энг ёмон кўрилган инсон уларга муҳтож бўлгани­дир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлгани ва Аллоҳ наздида энг ёмон инсон эса, бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан ўзини беҳожат ҳисоблаганидир”.

Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ризқ қидириш керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинг ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилинг! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).

Аллоҳ таоло ҳатто ийд-жума кунлари ҳам дам олмасдан меҳ­нат қилиш ва ризқ қидириш мумкинлигини айтган:

 «Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жума, 10).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳ­нат орқали тирикчилик қилишни яхши кўрганлар.

Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида бир киши ҳақида гап кетди: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, де­йишди ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хур­санд бўладилар ҳамда унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг мақ­тов­лари­ни эшитмадилар ва: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?” деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга тиришишди ва ўз “араваларини ўзлари тортиш”га аҳд қилишди.

Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат қиладиган инсонлар мартабасини баланд қилиб қўйди:

 «(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз сиз ва сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингиз­ни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверинг! У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг! Намозни баркамол адо этинг, закотни (ўз жойига) беринг ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳ­гақарзи ҳасанаберинг! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ях­шиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сў­ранг! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Муззаммил, 20).

Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. У ақлу фаросати билан нафақат ўзи, балки жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаши улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаган нар­сангдан беҳожат бўл, ундан устун бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳ­тож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, унинг амири бўласан”.

Бировга қарам, асир бўлишдан сақланайлик.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бўлиб ўтган во­қеани эслайлик, унда катта ибрат ва фойда бор. Али (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмо санаб берди. Мен хурмоларни олиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.

Али (розияллоҳу анҳу) меҳнатидан фахрланиб, кишиларга ибрат учун шундай шеър битган:

Одамлар миннати тоғлардан оғир,

Миннатни кўтариш қийин-ку ахир.

Баъзилар касб-корни санашади ор,

Аслида касб эмас, тиланчилик ор!

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ризқларини ҳа­лол йўл билан, пешона тери тўкиб топишган. Улар ризқ Аллоҳ­дан эканини билгани ҳолда ҳам ҳунарсиз ўтиришмаган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) ду­рад­горлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алай­ҳис­салом) хаттотлик билан шуғулланган.

Шу ўринда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг Раббига қилган му­ножотини эслаб ўтайлик: “Эй Аллоҳ! Мендан олдингиларга насиб этмаган нарсани бердинг ва мендан кейин ҳеч кимга берилмай­диган нарсани сендан сўрайман, ато эт! Шукрингга ожиз қолсам, мендан ҳам шокирроқ бандангни кўрсат”. Аллоҳ таоло ваҳий қил­ди: “Эй Сулаймон! Касби билан очлигини кетказган ва авратини ёпган ҳамда менга ибодат қилган бандам сендан кўра шокирроқ­дир”. Сулаймон (алайҳиссалом): “Эй Парвардигор! Менга қўлим билан қиладиган касб ато эт!”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб унга хурмо дарахтларига ишлов беришни ўргатди. Сулаймон (алайҳиссалом) шу ишни ўзига касб қилиб олди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм