Мақолалар

Мўмин – мўминнинг кўзгуси

Чоп этилди May 16, 2020 Мўмин – мўминнинг кўзгусиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу муборак ҳадисда мусулмон киши биродарига унинг салоҳияти ва камолоти учун насиҳат қилиши нақадар муҳим экани баён қилинмоқда. Кўзгу киши унга қараб туриб, кўринишини тартибга соладиган ва ўзига оро берадиган восита ҳисобланади. Биродарига насиҳат қиладиган мўмин киши ҳам кўзгуга ўхшатилди. Ташбиҳ (ўхшатиш) янада балоғатли бўлиши учун мўмин қайси жиҳатдан кўзгуга ўхшаши ҳазф қилинди, яъни тушириб қолдирилди. Худди кўзгу кишининг кичик айбини кўрсатгани каби, мўмин киши ҳам жонкуярлик билан биродарини унинг айбу нуқсонларидан воқиф этиб туради. Токи дўсти шу айбу нуқсонда ўзи билмаган ҳолда бардавом бўлиб қолмасин.

Шунингдек, ҳадиси шарифда яна бир кўрсатма бор: кўзгу ёрдамида айбу нуқсонлар кетказилганидек, мўмин киши ҳам насиҳатгўй биродаридан ўзининг хулқ-атвори, юриш-туришидаги камчиликларини айтиб, уни ислоҳ қилиб туришида ёрдам сўраши лозим бўлади.

Бундан маълум бўладики, бизнинг бирор айбимиз ёки хатоимизни айтган инсондан, айниқса, у яқин дўстимиз бўлса, умуман хафа бўлмаслигимиз керак. Аксинча, унга раҳмат айтишимиз, агар ҳеч ким айбимизни айтмай қўйса, уларни эслатиб турадиган бир насиҳатгўйни топишимиз лозим бўлади. Чунки киши юзидаги айбни кўзгусиз кўрмагани каби, феъли ёки хулқидаги айбу нуқсонни ташқаридан биров айтмаса, одатда ўзи сезмайди. Шу сабабли ҳеч ким насиҳат олишдан ўзини беҳожат сезмаслиги лозим. Агар шундай насиҳатгўй, жонкуяр ёр-биродарларимиз бўлса, уларга ташаккур айтиб, қадрлаш ҳамда панд-насиҳатларини чиройли қабул қилиш бурчимиздир.

Манбалар асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 6-сонидан