Мақолалар

Рўзанинг тарихи (Танловга)

Чоп этилди May 18, 2020 Рўзанинг тарихи (Танловга)da fikr bildirishni o'chirish

Рўза биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлган ибодатдир. Бир умматдан иккинчи умматга ўтиб келган. Фақат рўза тутиш ҳолатлари турлича бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُون))

   Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

(Бақара сураси 183-оят)

Яҳудийларга ҳам Аллоҳ таоло рўзани фарз қилди. Улар ўзларининг йиллари ҳисобидаги еттинчи ойнинг ўнинчи куни рўза тутишлари керак бўлган. Бу рўза «Тисро» деб номланган. Яҳудийлар тўқизинчи куннинг қуёши ботганидан ўнинчи куннинг қуёши ботгунига қадар рўза тутганлар. Улар ушбу кунни «Каббур» деб номлашган бўлиб, шу кунда тутилган рўза уларнинг гуноҳларига каффорот ҳисобланган.

Сўнгра яҳудийларнинг аҳборлари (олимлари) яна бошқа тўрт кунда рўза тутишликни ўзларининг шариатларига киргазишган. У кунлар ўзларининг ойлари ҳисоби бўйича тўртинчи, бешинчи, еттинчи ва ўнинчи ойларнинг биринчи куни бўлган.

Бундан ташқари ашуро куни рўзаси каби нафл рўзаларни ҳам тутганлар.

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро (Муҳаррам ойининг 10-куни)да рўза тутганларини кўрдилар. Улар: “Бу- Аллоҳ таоло Мусо  билан Бани Исроилни душманлардан кутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

Насоролар ҳам яҳудийларнинг рўзаларини тутишган.

Насороларнинг роҳиблари Исо алайҳиссаломга иқтидоан йилда қирқ кундан рўза тутишарди. Исо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин қирқ кун рўза тутган эканлар. Аммо роҳиблар рўза тутган кунлари бутунлай таом ва шаробдан тийилишмасди, балки кундузи бир марта енгил таомланиш мумкин бўлган. Кучли овқатлар ва ичимликлар тановул қилишмаган.

Табарий тафсири муаллифи айтади: “Насронийларга рўза фарз қилинди. Уларга уйқуга кетганларидан сўнг ейиш ва ичиш таъқиқланди. Шунингдек, рўза ойида аёлларга уйланишдан ман қилиндилар. Замонлар ўтди, уларга фарз қилинган рўза ойнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолди. Шунда ўзларича рўза кунларини ҳаво мўътадил бўладиган вақтга, яъни қиш ва ёз фасллари орасидаги вақтга ўзгартириб олишди. Ва: “Бунинг учун яна ўн кун қўшиб тутиб берамиз”, дейишди. Йилда эллик кундан рўза тутадиган бўлдилар.

Ибн Касир тафсирида: “Аввалги умматлар Нуҳ алайҳиссалом даврларидан бошлаб ҳар ойда уч кундан рўза тутганлар. Ушбу рўза рамазон рўзаси билан насх бўлган”, дейилади.

Жоҳилият даврида ҳам маккаликлар ашуро рўзасини тутганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Қурайшликлар ашуро кунида рўза тутардилар. Нубувват юборилишидан аввал Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу куни рўза тутардилар. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам ашуро рўзасини тутдилар ва саҳобаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач, ашуро рўзасинини тарк қилдилар. Ким хоҳласа у куни рўза тутарди, хоҳламаса тутмас эди”.

Сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга рамазон рўзасини фарз қилди.

Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

(Бақара сураси 183-оят)

Ҳозирги рўза илк фарз бўлган пайтидаги рўзадан фарқ қилади.

Бошида рамазон ойи кечаларида ейиш, ичиш ва яқинлик қилиш рўза тутувчининг ушбу кечада ухлаб қолмаслиги ва хуфтон намозини ўқимай

туришлиги шарти билан мумкин бўлган. Агар кимдир ухлаб қолса, ёки ҳуфтонни ўқиб олса у кечада энди унга таомланиш ва ичимлик истеъмол қилиш каби амаллар мумкин бўлмай қоларди. Энди у эртаси куни ифторлик вақтигача кутиши керак бўларди.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирортаси рўзадор ҳолда ифторга келсаю, лекин ифтор қилмай, ухлаб қолса, то эртаси куни кун ботгунча унга ейиш ҳам, ичиш ҳам, аёли билан яқинлик ҳам мумкин эмас эди (Рамазон рўзасини тутиш фарз бўлган дастлабки даврларда шундай эди).

Қайс ибн Сармат ал-Ансорий деган саҳоба рўзадор эдилар. Ифтор вақти бўлганда

хотинларининг олдига келиб, “Егани бирор нарсанг борми?”, деб сўрадилар. Хотинлари: “Йўқ, лекин сиз учун бирон егулик топиб келаман”, деди. Лекин, куни билан ишлаганликлари сабабли, чарчаб, кўзлари уйқуга кетди. Хотинлари келиб қарасалар, ифтор қилмай ухлаб қолибдилар. Шунда хотинлари: “Ифтордан маҳрум бўлибсизку!” дедилар.

Қайс ибн Сармат эртасига ҳам рўзани давом эттирдилар. Кун ярим бўлган пайтда очликдан ҳушдан кетиб қолдилар. Кейин, бу воэани Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришди. Шунда, “Сизларга Рамазон кечасида хотинлар билан жинсий алоқа этишлик ҳалол қилинди” деган оят нозил бўлди. Бундан саҳобалар жуда хурсанд бўлдилар. Сўнг, “Оқ ипни қора ипдан ажратадиган бўлгунча (яъни, тонг ёришай дегунча) еб-ичинглар!” деган оят ҳам нозил бўлди”.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло мўминларга енгиллик қилиб, эрталаб саҳарликдан то қуёш ботгунгача рўза тутишликка, ифторлик қилган сўнг то оғизларини ёпгунларича ейиш, ичиш ва бошқа ишларни ҳалол қилиб берди. Мана шу амрлар билан олдинги барча фарз қилинган рўзалар бекор қилинди. Фақат рамазон ойидаги ўттиз кунлик рўза фарз, қолган кунлардаги эса ихтиёрий рўза бўлди.

Маннобжонова Робия