Мақолалар

Омонатга хиёнат қилмаслик

Чоп этилди May 19, 2020 Омонатга хиёнат қилмасликda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло айтади:

«Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортди ва ундан қўрқди. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб, 72).

Ҳадисда: “Одам (алайҳиссалом) омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан, тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ ер юзида кезиб юргувчи фаришталарни яратиб қўйган, улар умматимнинг саломларини менга етказиб туради. Агар умматимнинг бирортаси менга бир кунда юз марта салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини раво қилади. Уларнинг етмиштаси охират­га, ўттизтаси бу дунёга тегишлидир”.

Аҳзоб сурасида айтилган омонатга келсак, баъзилар уни тавҳид, деган. У шаҳодат калимасидир. Бу калимани омонат дейишдан мурод, унинг улкан ҳақлари бўлиб, бу ҳақларни Аллоҳ одамларга омонат қилди. Бу омонатни ҳусни тоат билан қабул қилиш вожибдир, бу ҳақларга риоя қилиш ва уларни муҳофаза этиш шартдир.

Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасида йигирма тўртта ҳарф бор. Бир кеча-­кундузда йигирма тўрт соат бор. Агар банда бу калимани ихлос билан айтса, Аллоҳ: “Шубҳасиз, бу калима ҳурматидан сенинг кат­таю кичик, ошкораю махфий, билиб-билмай қилган гуноҳла­ринг­ни кечирдим”, дейди.

Бу омонат Одам (алайҳиссалом)га рўпара қилинганида: “Эй Раббим! Осмонлару ер ҳамда тоғлар буюклик ва улканликла­рига қарамай, бу омонатни кўтаришдан қўрқди ва бош тортди. Мен заифлигим билан қандай қилиб кўтараман?”, деди. Аллоҳ: “Кўта­риш сен тарафдан, куч-қудрат Мен тарафдандир”, деди. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини Фираъвн ва унинг қавми кўзига улкан илон қилиб кўрсатди ва улар қўрқиб кетди. Мусо (алайҳиссалом) кўзларига эса таёқ қилиб кўрсатилди, ундан қўрқмадилар. Худди шунингдек, бу омонатни осмонлару ерга улкан қилиб кўрсатди, натижада улар омонатни кўтаришдан бош тортди ва қўрқди. Инсоннинг кўзига эса бу омонатни енгил қилиб кўрсатди. Шунда инсон уни зиммасига олди. Агар: “Осмонлару ер улкан бўлиши­га қарамай, бу омонатни қабул қилмагани ва инсон заиф бўла туриб уни зиммасига олишида қандай ҳикмат бор?” деб сўралса, “Улар жаннат лаззатини татиб кўришмаган, инсон эса ундан то­тиб кўрган. Шунинг учун инсон лаззатга етишиш учун уни ўз зим­масига олди”, деб жавоб берамиз.

Баъзи уламолар, бу омонатдан мурод, беш вақт намоз, деган фикрни билдиришган. Зеро, Аллоҳ: (Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз)  ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз” (Бақара, 238), деган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Намоз диннинг устунидир. Ким уни барпо этса, динини барпо қилибди, ким уни тарк этган бўлса, динини вайрон қилибди”, деганлар.

Ривоят қилинишича, Али (розияллоҳу анҳу) намоз вақти кирса, ранги ўзгараркан. У кишидан бунинг сабабини сўрашганида: “Ос­монлару ерга ва тоғларга рўпара қилинганида улар бош тортган, мен эса заифлигимга қарамай… зиммамга олган омонатни адо этиш вақти келди, уни адо қила оламанми йўқми, билмайман”, деб жавоб берар экан.

Уламоларнинг баъзилари бу омонатдан мурод, тана аъзо­ла­ри­дир, деган. Кўз – омонат, уни ҳаромдан тийиш вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўз­ла­ри­ни (но­маҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва аврат­ларини (зи­нодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)­дир”(Нур, 30), деган. Қорин – омонат, уни ҳаром луқма ки­ришидан сақ­лаш вожибдир. Зеро, Қуръони каримда бундай де­йилган: “Етимларнинг молмулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”(Нисо, 10). Тил – омонат, уни ғийбат­дан, фаҳш сўзлардан тийиш вожибдир. Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасизку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”(Ҳужурот, 12), деган. Қу­лоқ – омонат. Уни мункар – та­қиқ­ланган нарсаларни эшитишдан сақлаш вожибдир.

Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, Қуръони ка­рим”, дейишган. Бас, шундай экан, уни қироат қилиш, ўрганиш ва ўргатиш вожиб.

Баъзи уламолар бу омонатни рўза деб изоҳлаган. Рўза Ислом арконларидан бири бўлиб, ким уни барпо қилса, динини бар­по қилибди. Ким уни тарк этса, динини вайрон қилибди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)­ларга фарз қилингани каби  сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли)тақволи бўлсангиз” (Ба­қа­ра, 183), де­ган. Абу Ҳу­райрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алай­ҳиссалом) ай­тадилар: “Ким рамазон рўзасини ишонч билан савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади”.

Яна бошқа уламолар омонатга закот, деган таъриф беришган: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот бе­ришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5), дейди Аллоҳ таоло.

Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) бир куни хушу, хузу билан намоз ўқиётган киши олдидан ўтдилар ва: “Эй Раббим! Бу нақадар чиройли намоз ўқияпти”, дедилар. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо! Агар ҳар куни юз ракат намоз ўқиса, мингта қулни озод қилса ва минг марта ҳаж қилиб, мингта жанозага қатнашса ҳам, токи молининг закотини бермагунича қилган амаллари унга фой­да бермайди”, деди.

“Омонатдан мурод, ҳаждир”, деган баъзи уламолар. Зеро, Аллоҳ таоло: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бор­дир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимдаким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон, 97), деган.

Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, – барча омо­натлар”, дейишган. Зеро, Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омо­натни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Ни­со, 58), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омона­ти йўқнинг (яъни, омонатга хиёнат қиладиганнинг) имони йўқ”, деганлар.

Молик ибн Сафвон айтади: «Менинг биродарим вафот этди. Сўнг уни тушимда кўрдим ва ундан: “Эй биродар! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?” деб сўрадим, у: “Раббим мени мағфират қилди”, деди. Мен унинг юзида қора нуқтани кўрдим ва ундан бунинг са­бабини сўрадим. “Менинг ҳузуримда бир яҳудийнинг фалонча дир­ҳами омонат қўйилган эди. Мен уни адо қилмаганман. Бу нуқта шу сабаблидир, эй биродар! Сендан илтимос қиламан, ўша дир­ҳамларни фалон жойдан олиб, фалончига қайтариб бер”, деди у. Тонг отгач, унинг айтганини бажардим. Мен уни иккинчи бор ту­шим­да кўр­дим. Қарасам, қора нуқта юзидан кетибди. У: “Эй биро­дар! Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сен мени азобдан қутқардинг”, деди».

Уламоларнинг баъзилари омонатдан мурод, аҳли аёл ва фар­зандлардир, дейишган. Уларни намозга буюриш ҳар бир кишига вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо, 132), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Болаларингиз етти ёшга етса, уларни намозга буюринг. Агар ўн ёшга етиб, намоз ўқимаса, уринг”, деганлар. Уларни ҳаромдан, бе­корчи ўйин-кулгидан қайтариш вожибдир, чунки ота-она улар­нинг тарбиясига масъул. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”, деганлар.

Ҳикоя қилинишича, орифлардан бири анча муддат Аллоҳга ибодат қилибди. Кунларнинг бирида таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқибди-да, бошини ва қўлини кўтариб: “Эй Раббим, ибодат­ларимни қабул эт”, деб дуо қилибди. Шунда Раҳмон тарафидан бир нидо қилувчи нидо қилибди: “Гапирма, эй малъун! Чунки се­нинг тоат-ибодатинг мардуд – қайтарилгандир”. Шунда обид: “Эй Раббим! Нима сабабдан?” деб сўраганида, нидо қилувчи: “Чунки хотининг Аллоҳнинг амрига зид ишларни қилмоқда ва сен бунга розидирсан”, деб жавоб берибди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­лади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар. Ваъ­да банда билан бандалар орасида бўлганидек, Аллоҳ билан бан­да­лар орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган. Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф қилган бўлади. Яна омонат тоат-ибодатга буюришдир. Ким буни адо қилса, омонатни адо қилибди, ким буни тарк қилса, омонатга хиёнат қилибди.

Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарса­лар омонатдир”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтган: “Аҳдлар Қуръонда ҳалол-ҳаром, фарз қилинган ва ҳад қилиб, жорий этилган нарсалардир”.

Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-пай­мон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳ­кам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.

Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло буюрган: Унинг Ўзигагина итоат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишин­гиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, муш­риклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”».

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан бит­таси бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг битта хислати қолади. Гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмай­ди, омонатга хиёнат қилади ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қиёмат куни ҳар бир (аҳдини бузган) хиёнатчининг танитиб турадиган байроғи бўлади. Бу фалончининг хиёнати, дейилади” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб (бирор нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб, роса ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман”, деди» (Имом Бухорий ривояти).

Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан омонатнинг нақадар оғир эканини билиб олдик. Бизга нима омонат қилинган бўлса, барчасини ўз вақтида адо этишга шошилайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизга тавфиқ ва фойдали илм ато этсин, омин!

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм