Қозоғистонда рус тилига қарши “ҳужум” бошланди
Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва “руссофил” Эрмек Тайчибеков Қозоғистонда “руслар ва руслар маданияти”дан воз кечишга қаратилган “русофобик кампания”ни эълон қилди. Бу ҳақда “Царград” хабар бермоқда.
Нашр ходими Алексей Топоровнинг таъкидлашича, Қозоғистонда рус тилини қонун билан белгиланган “миллатлараро мулоқот тили” мақомидан маҳрум қилишни исташади, тегишли петицияда юз мингдан ортиқ имзо тўпланган.
Шу билан бирга, Тайчибеков мамлакат аҳолисининг 98 фоизи рус тилида ва қолган кам фоиз одам қозоқ тилида гапиришини айтиб ўтди.
“Қозоғистонда рус маданиятининг, шу жумладан, рус тилининг таъсирини йўқ қилиш учун давлат даражасида иш олиб борилмоқда”, — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Унинг фикрига кўра, қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ёки яхши ҳолатда қолишни истаганлар петицияни имзолашга мажбур.
Тайчибековнинг фикрича, фуқаролар шикоят аризаларини қозоқ тилида топширишлари керак, аммо ҳанузгача бу иш рус тилида амалга оширилади.
Расмий маълумотларга кўра, аҳолининг қарийб 64,4 фоизи қозоқ тилида гапиради. Мамлакатда рус тили бизнесда, давлат идораларида, жамоат доираларида қўлланилади ва рус миллатига мансуб кўплаб фуқаролар учун она тили ҳисобланади. 2016 йилги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 3,65 миллионга яқин одам, яъни мамлакат умумий аҳолисининг 20 фоизи рус миллатига мансуб.