ЕОИИ: Қозоғистон шошмасликни, Қирғизистон эса уни жаримага тортишни таклиф қилди
Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг видеоконференция форматидаги йиғилишида қатнашган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмат Тоқаев Евросиё иқтисодий интеграциясини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини тасдиқлашни кейинга қолдириш таклифини билдирди. Бу ҳада БЕЛТА хабар бермоқда.
Президентнинг айтишича, ҳужжатни кенгаш аъзолари юзма-юз учрашгандан кейин қабул қилган маъқул. “Умуман олганда, ҳужжатнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайман, лекин қўшимча муҳокама этилиши ва қайта кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар бор”, – деди у. Тоқаев товарларнинг чекловларсиз ҳаракатланишини амалиётда таъминлаш, ягона хизматлар бозорини яратиш, умумий энергетика ва молия бозорининг пойдеворини тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда қатнашган Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков эса Қозоғистонни коронавирус эпидемияси пайтида энг зарур маҳсулотларнинг етказиб берилишига тўсқинлик қилишда айблади.
«Биз энг зарур маҳсулотларнинг етказиб берилиши учун «яшил йўлаклар» тузишга келишиб олгандик. Шунга қарамай, иттифоққа аъзо айрим давлатлар томонидан маҳсулотлар етказиб бериш устидан назорат кучайтириляпти ва чекловлар жорий этиляпти”, – деди у.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар орасида Қирғизистон билан чегараси бор ягона давлат Қозоғистондир. Жээнбеков келишувларга амал қилмаган иттифоқдошларни жаримага тортиш таклифини билдирди.