Болалар

Гапирувчи чақалоқ

Чоп этилди May 20, 2020 Гапирувчи чақалоқda fikr bildirishni o'chirish

Ёшгина гўзал аёл чақалоқ олдида қариб қолгандай кўринарди.

Чақалоқнинг жингалак сариқ сочлари, катта мовий кўзлари, бироз бўртиб чиққан бурни, қип-қизил лаблари ўзига ярашиб турарди. Аёл унинг майин ипакдай юмшоқ юзларидан ўпиб, жаннат ифорини туймоқ истагида унга энгашди.

— Тегманг менга! — деган овоз эшитди бирдан. — Мени эркалашга сизнинг ҳақингиз йўқ.

Аёл қўрқиб кетиб, атрофга алангларди. Ўзи ва чақалоқдан бошқа ҳеч кимни тополмади. Овоз яна эшитилгач, гўдак ёнига қайтди.

“Худойим-эй, янги туғилган чақалоққа ўхшашига қарамай, гапирарканда!”.

Чақалоқ: “Менга яқинлашишингизни истамайман”, деб гапиришда давом этарди. — Дарҳол мендан узоқлашинг.

Аёл бироз ўзини ўнглаб олиб:

— Болаларимнинг доим ўғил бўлишини истайман, — деди. — Улар ҳам яхши, лекин қиз бола бошқача-да. Шунинг учун сени ўпиб, эркалатишни истайман.

— Мени ўполмайсиз, — деб йиғлашни бошлади чақалоқ. — Мен ҳам сизни ўполмайман, бунинг иложи йўқ!

— Нега? — деб сўради аёл. — Нега ўполмайсан?

Чақалоқ ҳиқиллаб бўғилганча деди:

— Буни сабабини ўзингиз билишингиз керак. Яхшилаб ўйласангиз, аниқ топасиз.

Аёл нималар бўлиб ўтганини эслаб, ўзига келди. Махсус касалхонанинг барча қулайликларга эга, шинам хонасида ётарди. Наркоз таъсиридан кўнгли беҳузур эди. Оиласининг яқин дўстларидан бўлган ёш шифокор унга бир даста гул узатиб:

— Ортда қолгани рост бўлсин, хоним, — деди. — Амалиёт (аборт) муваффақиятли ўтди. Ҳа айтганча, олдирганингиз қиз бола экан!

Манба: hikayeler.ihya.org

Туркчадан Марям Осиё таржимаси