
САХОВАТ ВА КЎМАК: бирни берган тадбиркор иккини қўлга киритади
Мамлакатлар пандемия оқибатларини юмшатиш учун турлича усулда курашмоқда. Баъзи давлатлар ўз фуқароларга қайтариб бериш шартисиз пул маблағлари ажратишни йўлга қўйди. Бунда фуқарога маълум миқдорда пул бюджетдан ажратилади. Натижада, фуқаролар ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Ўз навбатида, аҳоли харид қобилияти тушиб кетишининг олди олинади.
Аммо бу услубнинг муаммоли томонлари ҳам бор. Биринчи навбатда, бюджетдан ажратилган маблағ муҳтожларга етиб бориши гумон. Буни тўлиқ назорат қилиш ҳам имконсиз. Ўз-ўзидан коррупцияга йўл очилиши тайин. Қолаверса, пул шаклида олинган ёрдам боқимандалик кайфиятини юзага келтириши мумкин.
Президентимиз ушбу масалада ўзига хос йўлни таклиф қилиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солди. Унинг моҳияти икки томонлама кўринади.
Биринчидан, тадбиркорлар имконияти етганича эҳтиёжманд оилаларни оталиққа олади. Уларни маълум муддат озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлайди. Зарур ҳолларда, дори-дармон, коммунал тўловлар учун ҳам кўмак бериши мумкин. Энг асосийси, эҳтиёжмандларни ўз-ўзини таъминлашга ўргатади. Бу ишга жойлаштириш, касаначиликни ривожлантириш ва томорқадан фойдаланишда кўмаклашиш, тадбиркорликка ўргатиш шаклларида бўлиши мумкин.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эса ҳақиқатда эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантиради. Жараёнда ҳокимлик бир жиҳатдан ютади. Яъни, тадбиркорга эҳтиёжмандларни аниқлаб бериш билан функционал вазифаси ҳисобланган камбағалликни камайтириш сари самарали қадам ташлайди. Худди бир ўқ билан икки қуённи ургандек. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ҳудудларда ривожлантиришга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари масъул этиб белгилангани бежиз эмас.
Ўз-ўзидан савол туғилиши табиий. Тадбиркорчи? Улар бу сиёсатдан қандай манфаат топади?
Тадбиркорларга давлат томонидан қўшимча имтиёз олиш ҳуқуқи тақдим этиляпти. Бу солиқ таътиллари, кредит муддатларини узайтириш, коммунал хизматлардан қарздорликни вақтинча тўхтатиб туриш кабиларда намоён бўлиши мумкин.
Бу жараёнда бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли.
Президентимиз 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилган тадбиркор сарфлаган маблағидан икки ҳисса имтиёзга эга бўлиши айтилди. Яъни, агар 10 оилани 3 ой давомида оталиққа олган бўлса, уларнинг моддий таъминоти учун ўртача 21 миллион сарфлайди. Давлат томонидан унга ўзи танлаган (солиқ таътили, кредит танаффуси каби) йўналишда 42 миллион сўмлик имтиёз тақдим этилади.
Ўз-ўзидан кўринадики, пандемия шароитида бутун дунё бош қотираётган муаммога Ўзбекистон ўзига хос йўл билан ечим топди. Айни пайтда умумхалқ ҳаракати жойларда кенг ёйилмоқда.
Шу ўринда бир жиҳатни ҳам унутмаслигимиз керак. Эртага унинг қанчалик самара бериши бизнинг бугунги фидойилигимиз, меҳнатсеварлигимизга боғлиқ.