Мақолалар

Исломга интилган аёл. Исломофоб аёл иқрори

Чоп этилди May 21, 2020 Исломга интилган аёл. Исломофоб аёл иқрориda fikr bildirishni o'chirish

Исломга киргандан кейин ҳаётда қандай ўзгариш бўлади? Бу мавзуда турли сайтлардан кўплаб мақолалар топиб ўқиш мумкин. Уларда аксаран, Исломга яқинда кирган мусулмон ва муслималар ўз кечинмаларини баён этган бўлади. Уларнинг ҳикояларини тинглар экансиз, сиз нафақат муаззам атмосферага кириб қоласиз, балки уларнинг завқу ҳаяжонларига ҳам шерик бўлиб дилингиз равшан тортади.

Янги мусулмонлар ҳис қиладиган энг муҳим туйғулардан бири бу ­­­– хотиржамлик. Аллоҳ таоло билан самимият ила боғланиш инсонни оёғидан тортиб ётган кўп нарсалардан халос қилиб, қалбига битмас-туганмас илҳом солади.

 

  1. Исломга кириш инсонни дунёга қулликдан халос қилади.

Ислом инсон онгини хурофотлар ва мавҳумотлардан қутқаради. У руҳиятни гуноҳлардан ва бузуқликлардан поклайди. Аллоҳ таолонинг амрларига итоат қилиш инсоннинг эркини чекламайди, аксинча, юксак савиядаги эркинларни инъом этади, уни ҳақиқат ва маърифат билан мазмунли қилади.

Исломга кирган инсон ўша заҳоти модага қулликдан қутулади, истеъмолчилик кайфиятини тарк этади ва инсонларнинг диққат-эътиборида бўлишга қизиқмай қолади.

Энг муҳими, Ислом инсонни Аллоҳ таолога ибодат қилишидан чалғитиб, ҳаётини бошқараётган бидъат-хурофотлардан халос қилади. Иймон келтирганлар яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини яхши биладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, мусулмонлар ҳар бир ишдан дунё ва охирот учун фойда чиқариб олишларини қуйидагича баён қилганлар: “Мўъминнинг ҳар бир ҳолати ўзи учун хайрлидир. Зеро, у севинса, шукр этади, савоб олади. Бошига бало келса сабр қилади. Бу ҳам унинг учун хайрлидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Дунё матоҳларига боғланган ҳаёт тарзидан қутулганидан кейин инсоннинг Яратганга ибодат қилишга  рағбати кўп бўлади.  Мўмин киши гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилади.

 

  1. Исломга юзланиш инсонга Аллоҳга муҳаббатни қалбдан ҳис этишга имконият беради.

Исломга юзланиш бандага Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган амрларини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини бажариб, Аллоҳнинг севгисига етишиш имконини беради.

Аллоҳ таоло дунёни нотинч ва беқарор қилиб яратмади. У азизу мукаррам қилиб яратган инсонни буюкликка ва мангу саодатга эришиши учун аниқ ва батафсил кўрсатмалар юборди. Раббимизнинг истаги мусаффо сувдан-да тиниқ. Бироқ Яратганнинг амри билан ирода эркинлиги ва танлаш ҳуқуқига эга бўлган банда  Унинг амрларига бўйсуниш ёки Унга осийлик қилишга ўзи қарор қилади.

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилгувчи Меҳрибондир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

“Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, унинг дини ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади” (Оли Имрон, 85).

Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир (Бақара сураси, 256-оят).

 

3.Исломга киришнинг афзаллиги шундаки, Аллоҳ таоло иймон келтирганларга Жаннатни ваъда қилади.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида тасвирланганидек, Жаннат абадий саодат маскани бўлиб, у чинакам иймон соҳибларига ваъда қилинган. Парвардигор Ўз марҳамати билан иймонли бандаларини Жаннат саодати билан мукофотлайди. Аллоҳга иймон келтирмаганлар, Унга осийлик қилганлар эса қиёматда Дўзахга ташланади ва у ерда абадий қолади.

Исломга эътиқод бандани қабр азобидан, Қиёмат ваҳшатларидан ва мангу азобдан халос қилади.

 

  1. Исломга кириш бахтга, руҳан хотиржамликка, ички уйғунликка эришишга сабаб бўлади.

Ислом моҳиятан ички тинчлик ва осойишталикни англаш билан бевосита боғлиқдир. Инсон қачонки Аллоҳ таолонинг иродасига итоат қилар экан, ўша заҳоти қалбида қўрқувнинг чекингани ва хотиржамлик бошланганини ҳис қилади.

Баркамол бахт фақат жаннатда бўлади. Инсон фақат ўша ерда осойишталик ва хавфсизликнинг тўла таъминланганини ҳис қилади. Жаннатда бу дунёда ҳар доим ҳамроҳимиз бўлиб келаётган қўрқув, беморликка чалиниш эҳтимоли каби хавотирлар мутлақо бўлмайди.

Бироқ Ислом амрлари биз, номукаммал одамларга бу дунёда ҳам бахту саодат излашга имкон беради. Шуни ёдда тутмоғимиз керакки, бу дунёда ва Охиратдаги бахтнинг калити бу – Аллоҳ таолонинг розилигини исташ ва Унга ҳар доим саждада бўлишдир.

Қуръони карим ҳақиқатан, инсоннинг дунёқарашини, фикрларини, ҳаётини буткул ўзгартириб юборади. Бунга ўз вақтида Исломга тош отиш, уни дунёдаги муаммолар билан боғлаб талқин қилиш имконияти туғилган чоқда бундай имкониятни сира ҳам бой бермаган ашаддий исломофоб бўлган Демьена Пирсон мисол бўлади. Ана шу аёл одатига биноан хато топишни ният қилиб Қуръони каримни ўқиди ва унинг қалби ҳақиқат нури билан ёришиб кетди.

Қуръон менинг қалбимни ва бутун ҳаётимни ўзгартирди. Мен бизни ишонишга мажбур қилганларидек, Қуръон нафратни ўргатмаслигини тушуниб етдим. Библиянинг тўртта таржимасини нуқтама нуқтасига ўқиб чиққанман, Қуръонни ўқиганимда ҳайрон бўлиб қолдим. Чунки унда ҳам Библияда баён қилинган тарихлар ёзилган эди. Қандай қилиб у нафратга ўргатиши мумкин?!

Қуръон мен учун ўша одамларни ҳақиқийроқ, мусулмон ўлароқ тасвирлаб, уларни яхши кўриб қолишимга сабабчи бўлди. Шунинг учун мен ўша жойларда –  Яқин Шарқда нималар содир бўлганини билиш учун янада кўпроқ ўқишни бошладим. Ва ниҳоят, Яқин Шарқда рўй берган ҳамма нарса тўғрисида ҳақиқатни билиб олдим.

Бизнинг ҳукуматимиз Яқин Шарқда рўй берган воқеаларда қандай роль ўйнаётгани, оммавий ахборот воситалари орқали онгимизни чалғитиб, кўз ўнгимизда “ёввойи мусулмон” образини яратиб, бизнинг онгимизни қандай бошқараётганини билганимда бир неча кун касал бўлиб қолдим. 

Шу қадар кўп йиғладимки, назаримда танамда сув тугаб қолгандек бўлди. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ҳаёти барбод бўлди. Негаки, ана шу одамлар ҳам худди менга ўхшаб ёлғон-яшиқларнинг оммавий қурбонларидир. Бу менинг ҳаётимда учраган энг машаққатли кезлар эди. Бунинг ҳаммаси кўзгуга қараб юзингни ҳар хил ранг берувчи воситалардан холи равишда томоша қилишга ўхшар эди.

Мен ҳеч қачон тўкилган бегуноҳ одамлар қонига менинг ҳам қўлларим бўялганини ўйлаб кўрмаган эдим, энди эса ана шу ўй юрагимни емиради, руҳимга оғир юк бўлиб осилиб туради. Энди эса ҳақиқатни кенг ёйишга қарор қилдим. Умидим, бошқа одамлар уйғонсинлар, ҳақиқатни очиқ кўз билан кўрсинлар. Шунда улар ўзларини алдаётганларини, бизнинг душманимиз бўлмаган инсонлардан нафратланишга мажбур қилаётганини тушуниб етадилар … бу тарғиботлар эса бизнинг ҳукуматимизнинг ўзга мамлакатларга бостириб кириши учун юзига тутиб олган ниқоблари, холос…”

Муаллиф: Ильмира ГАФИЯТУЛЛИНА

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Манба: islam-today.ru