Мақолалар

Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш

Чоп этилди May 26, 2020 Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлишda fikr bildirishni o'chirish

Инсоният бор экан, жамиятда ўзига тўқ бойлар ҳам, мискин ҳамда камбағаллар ҳам бўлади. Лекин кишининг қадри бойлик ва камбағаллик билан ўлчанмайди. Бойлик ҳақиқий шараф бўлмага­ни каби камбағаллик ҳам айб ёки нуқсон эмас, балки Аллоҳнинг тақдири ва синовидир. Қуръони каримда бундай дейилади:

«Бас, энди инсонни қачон, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер. Аммо, қачон (Пар­вардигори) уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дар­ҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, дер» (Фажр, 15–16).

Бандага бирор неъмат берилса, Аллоҳ мени ҳурмат қилгани учун беряпти, деб ўйламаслик ёки аксинча, ризқи танг бўлган вақтда Парвардигорим ғазаб қилгани учун мени шу аҳволга сол­ди, деб гумон қилмаслик, балки ҳар иккала ҳолатни ҳам Аллоҳнинг синови деб қабул этиш лозим.

Аллоҳ таоло инсонни синаш учун унга бойлик беради ёки бойликдан қисади. У берилган неъматдан унумли фойдаланиб, уни яхшиликка сарфлаб, шукрини адо этадими ёки бошқаларни назар-писанд қилмай, берилган неъматни тақиқланган жойларга сарфлаб, ношукрлик қиладими? Камбағал борига қаноат билан шукр қилиб яшайдими ёки ўғрилик, талончилик каби гуноҳларга қўл урадими?

Камбағалликни айб деб биладиган кимсалар ўзларидан кам­бағалроқ кишиларга паст назар билан қарайди ва бойлиги билан кибрланиб, бошқалардан ўзини устун санайди. Аслида эса, мод­дий жиҳатдан эмас, балки маънавий ва ахлоқий жиҳатдан қашшоқ­лик ҳақиқий қашшоқликдир. Шунингдек, моддий бойлик эмас, балки нафс ва кўзнинг тўқлиги ҳақиқий бойликдир. Бу ҳақда Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мол-дунё кўплиги ҳақиқий бойлик эмас, балки нафс тўқлиги ҳақиқий бойликдир”, деганлар.

Борига қаноат қилиб, ўз ҳолидан нолимай яшайдиган камба­ғалларнинг бир қанча фазилатлари бор. Қуйида уларнинг баъ­зиларини келтириб ўтамиз:

Фақир ва мискинлар жаннат аҳлининг кўп қисмини ташкил этади. Яъни, жаннатга бойлардан кўра кўпроқ камбағал кишилар киради.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғам­бар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатга қараб, унинг кўп аҳли фақирлар эканини, дўзахга қараб, унинг кўп аҳли аёллар эка­нини кўрдим”, дедилар».

Жаннатга биринчи бўлиб фақир ва мискинлар киради.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Умматимнинг фақир­ла­ри жаннатга бойларидан қирқ йил аввал киради”, де­ганларини эшитганман».

Қиёмат кунида Кавсар ҳовузидан сув ичишга биринчи бўлиб камбағаллар келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “(Кавсар) ҳовузи (ўлчами) Адандан то Аммонул Балқо шаҳ­ригачадир. У сутдан кўра оппоқ, асалдан кўра тотлироқ, косалари осмон юлдузлари саноғичадир. Ким ундан бир марта ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Унга сочлари тўзғиган, (дунё) неъматларидан баҳ­раманд бўлмаган муҳожир фақирлар биринчи бўлиб келади”, деганлар.

Сирот кўпригидан биринчи бўлиб мискин ва фақирлар ўтади.

Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, бир яҳудий Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Кимларга биринчи бў­либ сирот кўпригидан ўтишга рухсат берилади?” деб сўраганида, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Муҳожирлардан бўлган фақирларга”, деб жавоб берганлар.

Пайғамбарларга биринчи бўлиб эргашганлар мискин ва фа­қирлардир.

Нуҳ (алайҳиссалом) қавмини имон келтиришга чақирганида улар: “Сенга разил (камбағал) одамлар эргашганидан кейин бизлар сенга имон келтирармидик?!” (Шуаро, 111) дейишган.

Бундан ташқари, Рум подшоҳи Ҳирақл ва Абу Суфён ўртасида бўлиб ўтган машҳур суҳбатда Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамба­ри­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида “Унга одамларнинг бадавлатлари эргашяптими ёки заиф (фақир)ларими?” деб сўрайди. Абу Суфён, бадавлатлари эмас, балки заифлари, деб жавоб берганида, подшоҳ: “Заифлар пайғамбарларга биринчи бў­либ эргашадилар”, дейди.

Кўплаб фақирлар бор, лекин нафси тўқлиги сабабли борига қа­ноат ва шукр қилиб яшайди. Аммо баъзи бойлар бор, мол-дунёси қанча кўпайса-да, нафси ва кўзи очлиги сабабли “ҳозирги замонда пул топиш қийин бўлиб кетди” қабилидаги гаплар билан ўз ҳоли­дан нолиб, ношукрлик қилади. Камбағал ва мискинларга қандай муомала қилишни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ўрганишимиз лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мискин ва фақирларни яхши кўрганлар ва бошқаларни ҳам шунга чақирганлар. Буни юқорида келтирилган васиятда ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, Анас (розияллоҳу анҳу)дан бун­дай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда яшат, мискин ҳолда ўлдир ва Қиёмат куни ҳам мискинлар қаторида тирилтир”, дедилар. Ой­ша (розияллоҳу анҳо): “Нима учун, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чунки улар жаннатга бойлардан қирқ йил ил­гари киради. Эй Ойша, мискинни қуруқ қайтарма, ҳеч бўлмаса яримта хурмо бўлса ҳам бергин. Мискинларга муҳаббатли ва яқин бўл. Шунда қиёмат куни Аллоҳ сени Ўзига яқин қилади”, дедилар».

Бу ҳадис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мис­кинларга бўлган ҳурматларини намоён қилади.

Саҳобалар ҳам мискинларни яхши кўриб, ҳурмат қилган. Ҳатто Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) мискинларни ях­ши кўргани ва кўпинча улар билан суҳбатлашиб ўтиргани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни “Абул масакин”, яъни, “Мискинлар отаси” деб чақирганлар. Яна Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларидан бири Зайнаб бинти Хузайма (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳам мискин ва фақирларга кўп эҳсон қилгани учун саҳоба аёллар орасида “Уммул масакин”, яъни, “Мискинлар онаси” дея ном чиқарган.

Зирор ибн Мурра Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даври ҳақида гапирар экан, “Бошқа диндагиларни ҳур­мат қилар ва мискинларни яхши кўрар эди”, дейди.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам камбағаллар билан овқатланар ва “Шояд уларнинг баъзилари қиёмат куни подшоҳ­лар мақомида бўлса”, дер эди.

Фузайл ибн Иёз: “Ким охират саодатини истаса, мискинлар билан ўтирсин”, деган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ва саҳобалар ҳаётида бу каби кўп­лаб мисолларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, уларнинг аксария­ти фақирона ҳаёт кечиришни танлаган.

Мискин ва фақирларни яхши кўриш уларга қўполлик қилмас­лик, хушмуомалали бўлиш, ҳолидан хабар олиб туриш, касал бўлса, бориб кўриш ва уларга эҳсон қилиш билан бўлади. Аллоҳ та­оло бундай марҳамат қилди:

«Таомни эса суйиб турсаларда, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларга едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорлик кутмасмиз» (Инсон, 8–9).

Ушбу оятда мискин ва етимларни таомлантириб, бунинг эва­зига бирор нарса тама қилмайдиган кишилардаги бу хислат жаннат аҳлининг хислатларидан экани айтилмоқда. Демак, мис­кин ва етимларга эҳсон қилиш ва чиройли муомалада бўлиш жан­натий кишилар хислатидандир. Ояти каримада фақирларни овқатлантириш эвазига бирор нарса сўрамаслик кераклиги ай­тилмоқда. Афсус, ҳозирги вақтда бировга яхшилик қилиб, сўнг ҳам­мага бу билан мақтаниб юрадиган, вақти келганда қилган ях­шиликларини одамлар олдида юзига соладиган ва миннат қи­ладиганлар ҳам йўқ эмас.

Мискинларга яхшилик қилиш ва уларга чиройли муомалада бўлишнинг бир қанча фойдалари бор. Уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Уларга яхшилик қилганнинг ихлоси ва самимияти ортади. Чунки камбағалларда кишиларни ўзига жалб қиладиган ёки умид қилинадиган манфаат ёки мол-дунё бўлмайди. Шу сабабли уларга муҳаббатли бўлиш ва уларни ҳурмат қилиш бойларни яхши кўришдан кўра самимийроқ ва ихлосга яқинроқдир.
  2. Уларга яхшилик қилган кишидан такаббурлик ва манман­лик кетади. Чунки кибрли одамлар камбағал ва мискинлар билан бир жойда ўтириш ёки суҳбатлашишни ёқтирмайди.
  3. Уларга яхшилик қилган кишининг қалби тўғриланади ва юмшайди. Қалби қаттиқлигидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилиб келган бир кишига Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қалбинг юмшашини истасанг, мис­кинни овқатлантир ва етимнинг бошини силагин”, деганлар.
  4. Уларга яқин бўлган ва ҳолидан хабар олиб турадиган киши ўзига берилган неъматларнинг қадрига етади. Чунки у фақирлар нимага эга эканини кўради ва ўзига берилган неъматлар кўп бўл­гани учун шукр айтади.
  5. Жамиятнинг бой ва камбағал табақалари ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва тенглик пайдо бўлади.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, фақир ва мискинларга ваъда қили­наётган мартабалар уларнинг айнан фақир ва мискин бўл­ганлари учун эмас, балки фақир ва мискинликка сабр, борига қа­ноат қил­ганлари учундир. Албатта, бу фикрдан қасддан фақир бўлишга уриниш керак, деган маъно келиб чиқмайди. Мазкур ҳа­диси шариф­лардаги ғоялар одамларни фақирликка ундамайди. Балки уларни сабр, қаноатга ва ҳалол меҳнат қилиб, моллари­ни орттириш ва ибодатга чорлайди. Зеро, ҳалол йўлда бойиш камбағалликдан ортиқдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мазкур васиятлари кишилик жамиятининг тинч ва бахтли бўлишида катта аҳамиятга эга. Чунки одамлар орасидаги кўплаб жанжал ва келиш­мовчиликлар баъзи бойларнинг ўзидан моддий жиҳатдан ночор одамларни менсимаслиги ва уларга ёмон муомалада бўли­ши оқи­батида ёки аксинча, баъзи камбағалларнинг бойларни кўролмаслиги ва уларга ҳасад қилиши натижасида келиб чиқади. Ҳатто, буни ҳозирги вақтда баъзи ака-укалар, яқин қариндошлар ўртасида бўлаётган келишмовчиликлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм