Пазандалик

Байрамона рулет

Чоп этилди May 25, 2020 Байрамона рулетda fikr bildirishni o'chirish

Бир кун олдин тайёраб қўйсангиз ҳам бўлади!

Зарур масаллиқлар: 750 гр. мол гўшти қиймаси, 150 гр. олхўри қоқи, 60 гр. ёнғоқ мағзи, 2 бош пиёз, 2 дона тухум, 2 бўлак саримсоқпиёз, битта олма, 1 ош қошиқ маккажўхори крахмали, розмарин, тимиан, туз, қора мурч.

Тайёрланиши: 1. Пиёзни майдалаб тўғраб, қиздирилган ўсимлик ёғида қовуринг. Оловдан олишдан аввал майдаланган саримсоқпиёзни қўшинг.

2. Олхўри қоқини қайноқ сувда ивитинг. Сўнгра майдалаб тўғранг.

3. Гўшт қиймасига пиёз, розмарин, тимиан, туз, мурч, крахмал ва тухумни қўшинг. Фақат битта тухум сариғини олиб қўйишни унутманг.

4. Яшил олманинг ярмини майда тишли қирғичдан ўтказиб, қиймага қўшинг.

5. Пишириқ қоғозини газ патнисига ёйиб, ўсимлик ёғидан суртинг. Кейин қиймани солиб, 1,5 см. қалинликда ёйинг.

6. Устига олхўри қоқи ва ёнғоқ мағзини солиб, рулет шаклида ўранг. Энди тоблама қолипига солиб, устини очинг. 200 даражада қиздирилган газ печига 20 дақиқага қўйинг.

7. Олмани майдалаб тўғраб, озгина сув солинг-да, оловга қўйинг. Димлаб пишириб олинг. Кейин эзиб, бироз совигач, тухум сариғини қўшинг. Аралашмани рулет юзига суртиб, олов ҳароратини 180 даражага туширинг-да, 30 дақиқа газ печида қолдиринг. Пишириқ қоғозини олиб ташласангиз ҳам бўлади. Рулетни бир кун олдин тайёраб, музлаткичда сақлаш мумкин.

1 соату 25 дақиқа

6 кишилик