Болалар

Ўрмонда ҳам болалар боғчаси бор

Чоп этилди May 27, 2020 Ўрмонда ҳам болалар боғчаси борda fikr bildirishni o'chirish

Фарзандга тарбия бериш, аввало, оиладан бошланади. Бироқ бола тарбиясида  мактабгача таълим муассасалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, дунё боғчалари ҳақида маълумот бериб боришга ҳаракат қиламиз. Дастлаб ривожланган мамлакатлар қаторига кирувчи Германия боғчалари хусусида. Германияда  болаларни  тарбияловчи турли хил муассасалар мавжуд бўлиб, улар кун бўйи ёки маълум вақтгача чегараланган ҳолда фаолият юритади. Кун бўйи тарбияланувчи болалар яслига уч ёшдан бошлаб қабул қилинади. Германия Ғарбий ҳудудининг барча жойларида ҳам болалар боғчалари мавжуд эмас ва бунга сабаб болалар учун бўш жой ўринлари етишмаслиги экан. Шар­қий қисмида эса бу муаммо  кам учрайди. Кундузги схема бўйича болалар 4 соат, баъзи жойларда эрталаб 6 дан кечки 18 гача боғчада бўладилар. Германия мактабгача таълим муассасаларининг ўзига хос хусусиятлари;

— Немис боғчаларида  аралаш  гуруҳлар мавжуд ва бу  «Оилавий» гуруҳ деб аталади. Уларда болалар сони 15 нафардан ошмайди. Яна бир шарти — 9 ойлик чақалоқлардан тортиб, 3 ёшга тўлгунча бўлган гуруҳларда болалар сони  25 нафардан ошмаслиги лозим.

— Таълим бериш тарбиячининг мажбуриятига кирмайди. Улар фақат болакайларни назорат қилиш, ўйинлар ташкил этиш, ов­қатлантириш, сайр қилдиришлари керак, холос. Педагогнинг асосий иши  бу — болаларни эркин, мустақил бўлишга ўргатишдан иборат.

— Кун тартиби барча шаҳар боғчаларида дам олиш (уйқу) соатининг йўқлиги билан ҳам фарқ қилиши мумкин. Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси — жойнинг жуда танқислиги бўлса, иккинчи сабаб — ота-оналар болаларининг кечқурун ҳам тетик бўлишларини истамаслигида. Чунки болаларнинг уйқуга ётиш вақти соат 19.30.

Ўрнатилган тартиб бўйича нонуштани болалар уйларидан олиб келадилар. Кўпчилик боғчаларда ҳатто ошхона ва озиқ-овқат сақлаш хоналари йўқ. Баъзиларида ошхона бор, лекин ошпаз йўқ. Бундай боғчаларда овқатни боғча опаларнинг ўзлари пиширадилар.

— Боғча ҳудудидаги ўйин майдончалари ҳам бизникидан анча фарқ қилади. Ўзбекистонда боғчаларнинг ҳар бир гуруҳи учун майдончалар ажратилган  ва уларнинг атрофи яшил гул деворлар билан ўралган бўлади. Германия боғчаларида  майдончалар умумий бўлиб, кўм-кўк ўт, дарахтлар, буталар билан қопланган бўлади.

— Болалар боғчаси ишини тарбиячи, боғча опалар ва  мудирлар ташкил этади. Бошқа давлатлардаги каби хўжалик ишлари бўйича мудир, кийим-кечак учун масъул киши, услубчи, мусиқа ўқитувчиси, ҳамшира ва врачлар ушбу боғчаларда мавжуд эмас.

Германиянинг  Дюсселдорф шаҳрида ноанъанавий контсепциявий боғчалар бор. Бу мактабгача таълим муассасалари ҳам махсус боғчаларга бўлинади.

Валдорф болалар боғчаси

Бу ерда компютер ўйинлари, барби қўғирчоқларини ўйнаш, боғчага елим ўйинчоқларини олиб келиш ман этилган. Табиий дарахт ва табиий материаллар, тинчлантирувчи рангдаги қоғозлардан ясалган ўйинчоқларни ўйнаш мумкин, холос. Бу ерда тоза ҳаво ва эркин ижод учун барча шароит мужассам.

Ўрмондаги болалар боғчаси

Бу боғчада болакайлар илдизлар, барглар, қарағай ғуддаси билан ўйнайдилар. Ўт ва дарахтлар орасида болакайлар ўз уйларидагидек юриб, табиатни севишга ўрганадилар.

«Жисмоний тарбия» боғчаси

Бу боғчада жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун кўп вақт ажратилади. Немис тилида Бевегунг­скин дер гаертен деб аталади. Бу статус тарбияланувчилари спорт билан бевосита шуғулланадиган боғчаларга берилади.

Икки тилли боғчалар

Тил ўрганиш муҳим масала, лекин тил ўргатувчи боғчалар Дюсселдорфда жуда кам: 2 та француз ва 5 та инглиз тилида тарбия берувчи боғчалар бор. Эндиликда Германияда рус-немис боғчаларини очиш режалаштирилган.

Дурдона Ботирова  тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди