Мақолалар

Сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб керак

Чоп этилди May 29, 2020 Сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб керакda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари эди. У Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эшитиб, амалларини кўриб, улғайди. Абдуллоҳ туғилганида Пайғамбар алайҳиссалом: “Уни динда фақиҳ қилгин”, деб дуо қилдилар. Абдуллоҳ улғайгач унга: “Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳни ёдингда тут, у ҳам сени ҳифзу ҳимоясига олади, Сенга яқин бўлади”, дер эдилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йили Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўн уч ёшда эди. У илмни севувчи, Қуръон ва суннатга оғишмай амал қилувчи эди. Оғир дамларда Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди, у зот дунёдан ўтганидан кейин ҳам саҳобалардан илм ўрганди.

Саҳобаларнинг кўпи вафот этгач, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу етакчи фақиҳлардан бири бўлиб қолди. Ундан: “Эй Ибн Аббос, бу илмга қандай етишдинг?” деб сўрашганида: “Сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб билан”, деб жавоб қилган эканлар.

Юлдуз Асқар қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 10-сонидан олинди