Ҳиндистонда уч йил ҳибсда ушлаб турилган кабутар-жосус озодликка чиқарилди
Ҳиндистон полицияси жосусликда айбланиб ҳибсда сақланган кабутарни қўйиб юборди. Бутун дунёда тинчлик элчиси, дея эътироф этиладиган қуш турига мансуб бу жонивор қачонлардир Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги шу пайтгача баҳсли ҳисоблаб келинаётган чегарани кесиб ўтган. Ҳиндистон, ўз навбатида бу ҳаракатни кузатув, дея баҳолаган, деб ёзмоқда “Toronto Sun”.
Текширувлар натижасида қанотли жонзотнинг ҳаракатларида ҳеч қандай шубҳали жиҳатлар топилмади. Қайд этилишича, кабутар аввал покистонлик балиқчига тегишли бўлган. Афсуски, қуш қайси томонга қараб учиб кетган, эгасининг олдига етиб бордими, йўқми, буниси номаълум.
«Бу, шунчаки, бегуноҳ қушча», — дейди жониворнинг соҳиби Ҳабибулла. У ҳинд фуқароларини кабутарни қайтариш, полицияга қайта топширмасликка чақирди.
Аслида, қушнинг оёғига қўйилган белги маҳаллий аҳолини ташвишга солган. Одамлар рақамни баҳсли ҳудудда ҳаракатланаётган жангарилик фаолияти билан боғлиқ махфий код сифатида қабул қилишган. Ҳабибулла бу кабутар мунтазам равишда қушлар ўртасида ўтказиладиган пойгаларда иштирок этганини таъкидлайди. Рақам эса соҳибнинг телефон рақами.
Маълум бўлишича, бундай мусобақалар чегара яқинида жойлашган қишлоқларда жуда оммалашган. Ҳар иккала томондан вақти-вақти билан қушлар йўқолиб қолиши ҳам одатий ҳол.
Эндиликда машҳур бўлиб кетган ушбу кабутарни 2016 йил октябрида қўлга олишганди. Ўша пайтда жониворнинг панжаларига «Лашкари-Тайба» исломий гуруҳи аъзолари томонидан ёзилган таҳдид маъносидаги мактуб боғлангани эълон қилинганди.
ЎзА