Мақолалар

Исломга интилган аёл. Рус аёли ва Ислом

Чоп этилди Iyun 2, 2020 Исломга интилган аёл. Рус аёли ва Исломda fikr bildirishni o'chirish

Рус аёллари Исломга кириши қийинми? Уларнинг шахсий ҳаёти қандай ва улар нималарни енгиб ўтишлари керак?

Туркия ­– диндорлар давлати. Чор тарафдан азонлар овози жаранглаб туради, рўмол ўраган аёллар, ҳар дақиқада Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш ­– буларнинг барчаси бу диёрдаги ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир. Кейинги вақтларда бу ерда муслималарга хос кийинган славян қизлари кўп учрамоқда. Истанбулдаги рус маданияти маркази раҳбари Римма Ризаева матбуотга берган интервьюларидан бирида 200 минг рус аёли туркларга турмушга чиққани ва ҳужжат бўйича Исломга кирганини айтган эди. Ҳужжатларда қайд этилганларнинг барчаси ҳам ҳақиқат бўлавермаслиги ҳеч кимга сир эмас. Янги ёлғонлар учун нимадир ўйлаб топиш шарт ҳам эмас, чунки самимият бўлмаган жойда яхшилик ҳам бўлмайди. Кўпинча турмушга чиқиш ва эътиқодини ўзгартиришда айёрона усуллар қўлланаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Негаки, мусулмон бўлганингдан кейин ўзинг учун бегона бўлган мусулмонлар юртида ишга жойлашиб олишинг осон бўлади.

Фактлардан яна бири ­- хорижлик аёллар баъзида ҳужжатларни қалбакилаштиради. Бу –  қоғозда мусулмон бўлиб Туркия фуқаролигига қабул қилинган, аммо насронийлик урф-одатлари бўйича дафн этилган рус журналисти мисолида намоён бўлди.

Туркиядаги ҳаёти ва янги эътиқодга муносабати ҳақида гаплашишга рози бўладиган аёлни топиш жуда ҳам қийин, бу борада кўплаб муваффақиятсизликларга ҳам учрадик. Албатта, Исломни чин дилдан қабул қилганлар ҳам бор. Исломга киргунча насроний бўлган аёллардан бири интервью беришга рози бўлди. У бугунги кунда шариат кўрсатмаларига қатъиян амал қилади, муслималарга хос кийинади, намозларини вақтида адо этади ва ҳар жиҳатдан ўзини муслималардек тутади.

Э.Эльв, Украинанинг рус миллатига мансуб собиқ фуқароси. У Киев миллий университетида турк ва инглиз тиллари бўйича таҳсил олган. Таржимон бўлиб ишлаган вақтида бўлажак эри билан танишади ва айнан у уни Исломга олиб киради. Аён бўлишича, у бўлажак эри билан учрашгунга қадар диндор бўлмаган, лекин турли динлар билан қизиқиб юрган ва улардан қайси бирининг афзаллиги ҳақида бирор тўхтамга кела олмаган. Уларнинг учрашуви ҳаммасини ҳал қилган Элиф эътиқодини ва шу билан бирга исми шарифини ҳам ўзгартирган.

 

Э.Эльв.

­- Мен эримни учратганимда у ҳақиқий мусулмонлиги билан мени мафтун қилди. У намоз ўқирди, мен биринчи марта эркак кишининг намоз ўқиганини кўргандим ўшанда. Киевда унинг фирмаси бор эди, ижарага уй олган эди. Ижара хонадонига спутник антенна ўрнатилганди. Бир сафар фирма иши билан уйига бордим ва унга таржима ишлари билан ёрдам бердим. У телевизорни ёқди. Ҳаж мавсуми эди, мен мусулмонларнинг Каъба атрофида намоз ўқиётганини кўрдим. Миллионлаб мусулмоннинг бир вақтнинг ўзида ибодат қилиб саждага бораётганини кўриб қаттиқ таъсирландим. Бу менинг қалбимни туб-тубигача тўлқинлантириб юборди. Ўшанда ўйладимки: “Наҳотки, 24 ёшимга қадар дунёда миллионлаб мусулмонлар ҳар йили Аллоҳ розилиги учун ҳажга боришини билмай яшадим”. Шу кундан эътиборан Исломга қизиқа бошладим, кейин эрим менга Исломга кирган немис қизининг кечинмалари баён қилинган бир китоб совға қилди. У ўзининг қайлиғини насронийликка киритмоқчи бўлган экан. Шу жараёнда иккала динни ўрганаркан, Ислом – айнан ўзи истаган дин эканини тушуниб етибди. Ушбу китобни ўқиганимдан кейин, табиийки, менда баъзи саволлар пайдо бўлди. Эрим Истанбулда яшарди, мен эса Киевда. Аммо биз ҳар доим ёзишиб турардик. Мен ундан: “Нега шундай? Нима учун сизда бундай, бизда бошқача?” деб сўрардим. Шу йўсинда мен аста-секин Исломга яқинлашиб келардим. Кейин биз турмуш қурдик. Бу вақтда ўзи Ислом ҳақида ёрқин тасаввурга эга эдим ва мен муслима бўлдим.

Яъни бу шарт эмас эдими?

– Бу шарт эди. Суҳбатларимизнинг бирида эрим бошқа динга эътиқод қилувчи қизга асло уйланмаслигини қатъиян таъкидлаган эди. Бу гапни эшитиб “Балки шу тўғридир”, дея ўйланиб қолдим, Негаки, у жуда ҳам эътиқодига маҳкам одам, унинг дунёқарашини англаш учун эса у билан битта эътиқодда бўлиш керак.

 

– Намоз ўқишни қачон бошладингиз?

– Дарҳол эмас, албатта. Мен эътиқод бу –­ қалбдан ҳис қилинадиган, тил билан ифода этиладиган ва амал қилинадиган фаолият деб тушунаман. Ана шу уч амали комил бўлган инсонлар имонли саналади. Мен ақлим билан Аллоҳ таолонинг борлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Расули эканини англадим ва буни тилим билан айтдим, қалбим билан ишондим. Бироқ менинг амалимда муаммойим бор эди. Қачонки азонни эшитганимда дакки егандек бўлдим. Чунки мен намоз ўқимаётган эдим. Намоз бу – диннинг асоси ва ўзаги эмасми! Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  ва саллам намоз мўмин ва даҳрийнинг фарқини ажратиб туришини айтмаганларми! Ўшанда ўйладимки, гарчанд, мен қалбим ва тилим билан Исломга кирган бўлсам ҳам, мени муслима деб аташлари мумкинми, ахир намоз ўқимаяпман-ку! Бир қизни учратиб қолганим эса ана шу турткини янада кучайтирди. Мен уни кўрганим заҳоти унга нисбатан меҳрим товланиб кетди. “Қандай гўзал қиз. Юзларидан таралаётган нур атрофга ёғду сочяпти-я”, деб ўйладим ва у билан танишиб олишга ошиқдим. У тожикистонлик экан, биз суҳбатлаша бошладик, жуда ҳам иймонига маҳкам қиз экан. Бир суҳбатимизда у: “Алиф, сабабсиз қолдирилган ҳар бир намоз – осийликдир”, деди.  Унинг бу гапи мени ҳушёрликка чорлади ва мен шу дақиқадан бошлаб намоз ўқишга қарор қилдим. Алҳамдулиллаҳ, уни ҳеч қачон ўтказиб юбормаяпман.

– Намозни бошлаганингизда қандай ўзгаришни ҳис қилдингиз?

– Мусулмоннинг бутун ҳаёти – узлуксиз маънавий фаолиятдан иборат. Шунингдек, чинакам мусулмон бўлиш учун  имон-ишонч зўр бўлиши керак. Иймон қалбингизга секин-аста жойлашади ва сиз намоз ўқий бошлайсиз – қалбингиз ҳаловат топади. Аллоҳ таоло бандаларини кўплаб нарсалардан ва амаллардан қайтаради. Эҳтимол, кимдир вақтининг камлигини важ қилаётгандир, аммо ишончим комилки, ҳар бир мусулмон эртами-кечми намоз ўқийди. Чунки бунга унинг қалби мойил бўлади.

– Рўмол ўрашга қачон қарор қилдингиз?

– Эрим менга: “Модомики, муслима экансан, бошингда рўмолинг бўлиши шарт”, деди. Турмушга чиққанимдан кейин бир йилга яқин рўмол ўраб юрдим. Аммо бунга чидаб бўлмас эди, негаки, мен нима учун рўмол ўраётганимни тушунмаётган эдим, чидаб бўлмас даражада иссиқдан қон босимим юксаларди. Яна менинг қалбим ва ақлим буни тушунмаётганди. Ўраниш ҳақидаги оят аёлларда исломий кўникма ҳосил бўлганидан кейин нозил бўлган. Ояти каримада “Эй аёллар, ҳуснингизни яширинг”, дейилгани заҳоти Макка ва Мадина аёллари дарҳол ўраниб олдилар. Чунки бу вақтда уларнинг қалбида иймон чуқур илдиз отган ва озгина бўлса-да шубҳа-гумонлари қолмаган эди. Эримга шу мисолни айтиб, “Мен ҳали тайёр эмасман, бу ҳозир менга оғирлик қилади. Истасанг, мендан ажралишинг мумкин”, дедим. Шу даражагача бордимки, рўмолни ечиб отиб, бурунгидек жинсида юрадиган бўлдим. Саккиз ой шундай юрдим. Бир куни Исломга кирган украин аёлига: “Биз муслималармиз, ўраниб юришимиз керак ­– бу юришимиз тўғри эмас”, дедим. У: “Шунчалик иймонли муслима экансан, ўрнаиб ол, нега очиқ юрибсан”, деди.  Ҳақиқатан бу вақтга келиб ўраниш кераклигини тушуниб қолган эдим. Қачонки муслима аёл шариатга мувофиқ кийиниб, славян чеҳрасида юрса кўплар унга савол бера бошлайди, асосан, эркаклар. Умуман, менга, иймонли муслима аёлга кўчада эркаклар гап отишини истмайман. Шунинг учун кўча-кўйда ҳадеб юравермайман. Олти йилки муслимаман ва ҳозирги кунларда ўзимни ҳақиқий муслималардек ҳис қилмоқдаман.

Алтынай Нарегеева /Стамбул

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

http://www.vestiturkey.com/russkie-zhenshhiny-i-islam-395h.htm