Мақолалар

Аллоҳ берган неъматларнинг сон-саноғи йўқ

Чоп этилди Iyun 3, 2020 Аллоҳ берган неъматларнинг сон-саноғи йўқda fikr bildirishni o'chirish

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла ТУРМАТОВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Юртимизда дин равнақи, соф Ислом таълимотини аҳолига етказиш борасида қатор хайрли ишлар амалга ошириляпти. Бу ислоҳотларга ҳамқадамлик Тошкент вилоятида қандай бўлмоқда?

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Бугунги кунда амалга оширилаётган савобли, яхши амаллар давомийлиги учун Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд айтамиз. Вакиллигимиз томонидан кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жойлардаги мутасадди ҳамкор ташкилотлар билан аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олишга ҳисса қўшяпмиз. Вилоятдаги 785 та ажрим остонасида турган оила билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улардан 584 та оила сақлаб қолинишига эришилди. Ҳомийларни жалб этган ҳолда беморлар, ногиронлиги бор шахслар, ёрдамга муҳтож, жазо муддатини ўтаётганларнинг яқин қариндошлари, озодликка чиққанлардан жами 1 954 нафар инсон ҳолидан хабар олиниб, 1 442 560 000 сўм миқдорида моддий ёрдам улашилди.

Таъкидлаш жоизки, тараққиёт ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларга боғлиқ. Шу мақсадда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти қошида таълимга янгича ёндашув асосида 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизими ташкил этилди. Ўқишга қабул қилинганлар орасида вилоятимиздан 10 нафар диний ўрта-махсус маълумотга эга имом-хатиб ҳам бор.

Жума кунлари жоме масжидларимизда “Китоб сайиллари” ташкил этилди. “Мовароуннаҳр”, “Янги аср авлоди”, “Ҳилолнашр” ва “Шарқ” нашриётлари билан келишилган ҳолда 300 дан ортиқ турдаги китоблар савдоси йўлга қўйилди. Бу эса намозхонлар орасида китобхонликни янада кенгроқ ёйишга хизмат қилади.

Қувонарли ютуқларимиздан бири вилоятдаги бир неча масжид замон талабига мувофиқ таъмирланди. Ҳозир ҳам 40 тадан ортиқ масжидда қайта қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

Вилоятимиз отинойилари фаолиятида ҳам қатор қувонарли ҳодисалар содир бўлди. Асосийси, отинойилар ҳуқуқий мақоми белгиланиб, Низом ва гувоҳнома жорий этилди. Малака имтиҳонидан ўтган номзодларнинг 278 нафарига отинойилик фаолияти билан шуғулланиш учун гувоҳномалар топширилди.

Кўпчилик ота-боболаримиз болаликларида тўйиб нон ейилган кун катта байрам бўлгани, намозни, китобларни бекитиб ўқишгани ҳақида сўзлаб беришади. Аммо бугунги фаровон ҳаётда яшаб ҳам, баъзиларда қаноатсизлик кўзга ташланади. Ҳолбуки, инсонга кўплаб неъмат берилган…

– Яратган Эгам бизга берган неъматлар шу қадар турфа ва бисёрки, уни тил билан ифода этиш имконсиз. Ҳаёт, имон, Ислом, Ватан, ёшлик, соғлик, ризқ, оила кабилар шукронасига умр етмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва бир кунга етадиган егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти). Ношукрлик инсонга яхшилик келтирмайди. Орамизда оғир дард ва тоғдай ташвишларни кўтариб ҳам сабр, шукр билан яшаётган олижаноб инсонлар бор.

Бугун еру осмондан барака эшиклари очилган замонда яшаяпмиз. Аллоҳни таниган, ўзгалар ҳақидан ҳазар қилган, ниятини яхши қилган кишининг ризқини Аллоҳ баракали қилиб беради. Ахир, Аллоҳ Каломида шукр қилган бандаларига неъматларни зиёда қилиб беришини Ўзи ваъда қилган. Хорижга чиқиб меҳнат қилаётган, ризқ топиш йўлида қийналиб юрганлар бор. Тўғри, кундалик эҳтиёжи ёки бошпана қилиш ниятида юрганлари кўп. Бироқ аксар кишилар бидъату хурофот, дабдабали тўйлар қилиш каби орзу-ҳавас ортидан қувиб юришибди. Яна айрим ризқи кенг бўлганлар мулкларида муҳтожларнинг ҳақи борлигини эсдан чиқариб қўйишмоқда. Мусулмон сифатида динимиз кўрсатмаларига амал қилсак, шундай қийналишга мажбур бўлармидик? Кўпмиллатли мамлакатмиз, лекин бошқа дин вакилларининг ҳаддан зиёд исроф, дабдаба қилаётганини кўряпмизми? Бошқа қайси миллат ёки дин вакили биз ўзбекларнинг тўйларидаги хурофотларни ёхуд «хурмача қилиқларни» қилади? Шу жиҳатларни ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак…

– Бугун ўрганилиши энг зарур бўлаётган илм қайси деб ҳисоблайсиз?

– Янгилик ва кашфиётлар даври бўлган ҳозирги замонда ҳалол-ҳаромни ажратиш илми энг зарур илм ҳисобланади. Чунки инсон ҳар қадамда янгиликка ёки бирор нотаниш ҳодисага рўбару келади.

Шундай пайтда қайси бири динимизга мувофиқ, қайси бири бешубҳа истеъмолга яроқли… бунинг учун албатта илм керак. Чунки ҳалолнинг умри узун, келажаги порлоқ, ҳаром эса инсонни ҳалокатга дучор қилади.

Бир вилоятнинг масъул кишиси сифатида сизни нималар кўпроқ ўйлантиради?

– Яқинда Исломободдаги илмий тадқиқот маркази профессори Доктор Фаррух Салим ҳайратли маълумотларни тақдим қилди. Сайёрамизда мусулмонларнинг умумий сони 1 476 250 000 кишидан ортиқроқ экан. Демак, дунёдаги бешта кишидан бири мусулмон. Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик. Нима учун биз мусулмонлар тараққиётдан орқада қолиб, ўзаро ихтилофга киришиб кетдик? Менинг фикримча, муаммонинг илдизи таълимда. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига 57 та давлат аъзо. Улар ҳудудида умумий 500 та университет бор. Ҳар уч миллион мусулмонга битта университет тўғри келади. Қизиғи, дунёнинг 500 та энг кучли университети рўйхатида мусулмон давлатларининг битта ҳам университети йўқ. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ҳар бир миллион мусулмонга 230 нафар олим тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШда 4000, Японияда 5000 ни ташкил этади.

Мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганини ушбу мамлакатдан экспорт қилинадиган юқори технология воситалари сонидан билиб олса бўлади. Масалан, Покистон давлатининг бир йиллик экспорт маҳсулотларининг фақатгина 1 фоизи юқори технологияларга тўғри келади. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоирда вазият янада ачинарли. Ушбу мамлакатлар экспортининг фақатгина 0,3 фоизигина юқори технологияларга тўғри келади. Сингапурда ушбу кўрсаткич 58 фоиз. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг 57 аъзосининг бир йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти 3 трлн. долларга бормас экан. Биз 57 давлат бир бўлиб биргина Германиянинг ялпи ички маҳсулотини ишлаб чиқара олмас эканмиз.

Мана, нима учун ғарб жамияти бунчалик ривожланиб кетди? Сабаби, улар ижтимоий ривожланишни бизнинг динимиз назарда тутган адолат ва инсонпарварлик асосига қурди, илмни ривожлантирди, маънавиятни эса ботил устига барпо этди ва бугунги кунда Ғарб маънавияти тубанликка юз тутди. Шунинг учун бизга Ғарбнинг илмий-ижтимоий ривожланиш тажрибаси керак, аммо маънавияти эмас. Ҳолбуки, «оммавий маданият» ниқоби остида динимиз ва миллатимизга тажовузлар бўлиб турибди. Мени мана шу нарсалар ўйлантиради, ташвишга солади…

– Муштарийларга қандай насиҳат қилган бўлардингиз?

– Карантиндан олдин бир жанозада бўлдим. Вафот этган аёл 43 ёшда экан. Марҳуманинг беш қиз фарзанди бўлиб, олтинчи фарзандни дунёга келтириш чоғида ҳаётдан кўз юмибди. Аллоҳнинг синовини кўринг, аёл жонини хатарга қўйиб, дунёга келтирган жонсиз гўдак ўғил бола экан. Эр эса кўзида ёш билан: “Аёлимдан розиман”, дея олди, холос. Менинг кўз олдимга эса каттасининг ёши ўн бешдан ошмаган беш қиз келарди. Анча вақт ўзимга кела олмадим. Шўрлик аёл ўзича эримнинг юзини ёруғ қиламан, қариндош, таниш-билишлар орасида маломатга қолмайин, деб жонини хатарга қўйди. Аслида қиз бола ҳам отага шараф ва раҳмат-ку!..

Азиз мўминлар, Аллоҳ қиз берса ҳам, ўғил берса ҳам рози бўлинг, зеро, бу Аллоҳнинг неъмати. Аёлингизнинг ҳам қадрига етинг, у сизга, айниқса, жажжи фарзандларингизга жуда-жуда керак. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ берган ҳар бир неъматнинг қадрига етинг!

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан