Пандемия сабаб Таиландда мулк солиғи 90 фоизга камайтирилди
Таиланд Вазирлар Маҳкамаси коронавирус пандемиясидан зарар кўрган иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораси сифатида мамлакатда кўчмас мулк солиғини 2020 йилнинг охиригача 90 фоизга камайтиришга қарор қилди.
Бу ҳақда ҳукумат сайтида эълон қилинган пресс-релизда маълум қилинди .
“Сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилда жорий қилинган кўчмас мулк (ер ва иморатларга) солиғини 2020 йилнинг охиригича 90 фоизга камайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, февралдан май ойигача бўлган муддат ичида қолдирилган даромад солиғи бўйича ариза бериш муддатини яна икки ойга, яъни 2020 йилнинг августигача чўзди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳукумат пандемиядан азият чеккан жисмоний ва юридик шахсларга ҳамда иқтисодиётни яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта парламентнинг қуйи палатаси иқтисодиётни яхшилаш учун фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги учта қонун лойиҳасини маъқуллади ва ушбу мақсадларга жами 58 миллиард доллар ажратди.
Ҳукумат томонидан маъқулланган биринчи қонун лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларга ёрдам бериш ҳамда иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида 34,9 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги қарз маблағларини жалб қилиш, иккинчи қонун лойиҳасида кичик ва ўрта бизнесга паст фоизли кредитлар бериш учун 15,8 миллиард доллардан ортиқ бюджет маблағларини ажратиш, учинчи қонун лойиҳасида эса мамлакат молиявий тизимини барқарорлаштириш-у, Таиланднинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун бюджет маблағлари ажратиш белгиланди.