6-ўрин: Ҳиндистонда коронавирус тарқалиши бўйича кунлик рекорд янгиланди
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича,мамлакатда 5 июнь куни 9887 кишининг коронавирусга чалингани аниқланди. Бу Ҳиндистонда коронавирус тарқалиши бўйича кунлик рекорд ҳисобланиб, ҳозирда умумий касалларнинг сони 236 667 кишини ташкил қилмоқда. Бу билан Ҳиндистон вирус тарқалиши бўйича дунё давлатлар орасида еттинчи ўриндан олтинчи ўринга кўтарилди.
Ҳиндистонда март ойининг охирида жорий қилинган карантин туфайли шаҳарларда мигрант сифатида ишловчи юз минглаб қишлоқ ишчилари уйларига қайтган эди. Ҳозирда мамлакатда янги касалланиш ҳолатларининг аксарияти айнан қишлоқ ҳудудларида қайд этилмоқда.
Айни пайтда вирус хавфи юқори бўлган ҳудудларда карантин чекловлари кенг миқёсда жорий қилинмоқда. Аммо ҳукумат ички авиарейслар, темирйўллар қатновига, дўконлар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг очилишига қисман рухсат берди.
Шунингдек, 8 июндан савдо марказлари ва диний муассасалар фаолияти ҳам баъзи бир чекловлар билан ўз фаолиятларини қайта бошлаши мумкин бўлади.
Ҳиндистонда ҳозиргача 6649 киши коронавирус қурбонига айланди. 114 073 киши ушбу касалликдан тузалган бўлиб, 116 232 киши касалхоналарда даволанмоқда.