Дунё янгиликлари

Италиялик шифокорлар: Коронавирус «соя»га айланди!

Чоп этилди Iyun 7, 2020 Италиялик шифокорлар: Коронавирус «соя»га айланди!da fikr bildirishni o'chirish

“Daily Mail” нашри ёзишича, Милан шаҳридаги йирик касалхоналардан бирининг раҳбари Алберто Зангрилё COVID-19 мутацияга учрагани, яъни ўзининг асл хусусиятларини йўқотиб бўлиб, кучсизланиб қолганини айтган. Италиянинг бошқа бир шаҳри Генуядаги госпиталдаги ҳамкасблари ҳам унинг бу фикрини қўллаб-қувватлади. Таҳлилий маълумотларга қараганда, охирги ўн кун ичида олинган тест натижаларидаги вируснинг таъсир кучи «жудаям кам». Демак, энди хасталикнинг белгилари унчалик хавфли эмас.
Мутахассислар ҳозир аниқланаётган вирус юқиш ҳолатлари бундан икки ой аввалгиларидан кескин фарқ қилишини эътироф этишди. Қолаверса, кейинги суткаларда Италияда «бор-йўғи» 355 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган.
Россиядаги Мечников номли Вакциналар ва сарумлар илмий текшириш институти Давлат муассасаси илмий раҳбари Виталий Зверев кейинги пайтда шунга ўхшаш баёнотлар кўпайиб кетганини иддао қилган.
«Коронавирус ҳозир кўпчиликда белги бермаяпти ёки ўзининг енгил юқумлилик хоссасини намоён этяпти. Аслида, бу касаллик ҳали одамлар орасидан ҳеч қаерга йўқолгани йўқ, бизни таъқиб қилишда давом этади. Тўғри, COVID-19 мутация жараёнини бошидан кечириши шубҳасиз, бироқ айни ҳолат ўта даражада сезиларли рўй бермайди. Яъни, ушбу вирус муайян тоифадаги кишиларга юқсада, хасталикни келтириб чиқармайдиган даражага ҳеч қачон тушмайди. Ҳеч бўлмаганда пневмония ёки қон томирлари фаолияти бузилишига сабаб бўлади. Тан олиш керак, аввалига ҳамма ваҳимага тушганди, аммо пандемия даврининг ўрталарига келиб, ўлим ҳолати кўрсаткичи у даражада юқори эмаслиги маълум бўлди», — дея вазиятга изоҳ берган эксперт.
У шунингдек Италияда, асосан, жуда оғир аҳволда шифохоналарга келтирилган беморлар тестдан ўтказилганини ҳам эслатиб ўтган. Шунинг учун ҳам мамлакатда ўлим ҳолатлари кўрсаткичи, нисбатан, юқори — 7 фоизга кўтарилган.
Одатда, бу хасталик умумий беморларнинг 10 фоизида оғир кечади, уларнинг қарийб 1 фоизи ҳалок бўлади.
“Пандемия охирига бориб, менимча COVID-19 оқибатида юз берадиган ўлим ҳолатлари фоизнинг ўндан бир қисмига тенг бўлиши аёнлашади. Айни ҳолат қанчалик кўп одамга вирус юққан сари шунчалик ойдинлашиб бораверади”, – дейди Виталий Зверев.

ЎзА