Италиялик мусулмонлар учун қабристон етишмаяпти
Коронавирус пандемиясидан энг кўп жабр кўрган мамлакатлардан бири – Италияда мусулмонлар қабристонларда жой етишмаслигидан қийналмоқда. “Евроньюс” хабарига кўра, мусулмонлар вафот этган яқинларини бир неча кун моргда ёки уйда сақлашларига тўғри келмоқда.
Италиянинг исломий ташкилотлари мусулмонлар учун қабристонларда кўпроқ жой ажратилишини талаб қиляпти. “Коронавирус пандемиясидан биз ҳам жабр кўрдик, бироқ ўликларимизни дафн этиш учун қабристонларда жой топа олмаганимиз сабабли ғамларимиз янада ортди”, – дейди Миландаги “Сесто” масжиди имоми Абдуллоҳ Тчина. Унинг айтишича, миланлик мусулмонлар вафот этган яқинларини кўмиш учун 50 километр узоқликдаги қабристонга боришига тўғри келган.
Италияда тахминан 2,6 миллион мусулмон яшайди, бу мамлакат аҳолисининг 4,3 фоизи демакдир. Бу ерда мусулмонларга тегишли 76 та қабристон бор, улардан энг биринчиси 1856 йилда очилган.