Солиҳ салафлар ибрати
Солиҳ салафлар Аллоҳ розилигини тилаб яхши амалларда ғайрат, жидду жаҳд билан ҳар доим пешқадам бўлганлар.
Солиҳ салафларнинг сахийлиги, карамлилиги, инфоқ-эҳсон қилишлари ҳақида ҳар қанча гапирилса – оз! Улар бу борада Набий алайҳиссаломга эргашган эдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазон ойи келса, ҳар доимгидан ҳам кўп ва хўб – мисли кўрилмаган даражада саховат кўрсатганлар.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Рўзанинг моҳияти фақат таом ва ичимликдан тийилиш эмас, балки ёлғон ва ботилдан, бекорчилик ва ёлғон қасамдан ўзини тийишдир”.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумо рўза тутсалар, мискинлар билангина ифторлик қилар эдилар. Масжидга бориб, уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтар, таомланаётганларида бирор тиланчи келса, ўз насибаларини тиланчига берар эдилар.
Кекса Аҳнаф ибн Қайсга: “Сиз ёши катта одамсиз, рўза сизни заифлаштиради”, деганларида, “Мен ўзимни узун сафарга тайёрлаяпман. Аллоҳ таолонинг тоатига сабр қилиш Унинг азобига сабр қилишдан енгилроқдир”, деб жавоб қайтардилар.
Абу Имрон Жавний: “Ким қалби нурли бўлишини истаса, таомини озайтирсин”, деб юрардилар.
Ҳасан Басрий: “Агар тунги намозга, кундузги рўзага кучинг етмаса, билгинки, сен маҳрум бўлган одамсан, сени хатолар ва гуноҳлар кишанлаб олган”, деганлар.
Рўза ойи кирганида Суф ён Саврий жамики нафл ибодатлар ўрнига фақат Қуръони карим қироати билан банд бўлар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларида тўхтовсиз дарс берадиган Имом Молик ҳадис ривоят қилиш, илм мажлисларидан чекиниб, Қуръони каримни ўқишга киришардилар.
Тобеинлардан Қатода раҳимаҳуллоҳ бошқа ойларда етти кунда бир марта, Рамазон келганида ҳар уч кунда ва бу ойнинг охирги ўн кунлигида ҳар куни бир марта Қуръонни хатм қилар эдилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий бу муборак ойда кундузи бир марта хатм қилар, кечаси таровеҳдан сўнг қиёмул лайлда (таҳажжуд намозида) ҳар уч кунда бир маротаба хатм қилар эдилар.
Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада бир марта Қуръонни хатм қилар эдилар.
Зайд Ёмий барча дўстларини Мусҳаф хатмига тўплардилар.
Саиджамол МАСАИДОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан