Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқ тамойилларига амал қилмаётганликда айбланмоқда
Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқ (ЕОИИ) тамойилларига, яъни товарларнинг эркин кўчишига амал қилмаяпти, дейилади Қирғизистон иқтисодиёт вазири баёнотида.
«2020 йил ўн тўртинчи апрелда ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари товарларнинг, жумладан, ижтимоий муҳим товарлар ва озиқ-овқатларнинг эркин ташилиши тамойилини сақлаб қолишни маъқуллашган эди. Бироқ, Қозоғистон томони амалга оширган тадбирлар ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарларининг баёнотларига тўғри келмаяпти», – дейди иқтисодиёт вазирлиги.
Вазирликнинг таъкидлашича, Қозоғистон томони “яширин савдо билан кураш баҳонасида Қирғизистон экспортини, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳаракатини мақсадли равишда тўхтатиб келмоқда”.
«2020 йил 3 июнда “Актилек-автодорожный” ва “Карасу” чегара ўтиш постларида икки мамлакат делегацияси иштирокида бўлиб ўтган сайёр мажлис натижалари шуни кўрсатдики, Қирғизистон томонига автотранспорт воситаларини ўтказиш Қозоғистонникига қараганда уч баробар тез амалга оширилмоқда. Қирғизистонлик ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, улар Қозоғистон чегарасида 4 суткагача қолиб кетмоқда. Мажлис давомида Қозоғистон томони автотранспортларнинг тўпланиб қолишида ўзларининг айби борлигини тан олишган», – дея таъкидлади Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги.
Вазирлик ўз баёнотида Қозоғистон томонининг Қирғизистондан ўтаётган юкларнинг 90 фоизида ҳужжатлари жойида эмаслиги ҳақидаги айбловини ҳам рад этади.
Ҳозирги пайтда Қозоғистон чегарасидан ўтиш жойида Қирғизистоннинг бир неча юз юк автомобиллари тўпланиб қолган. Бундан аввалроқ Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг берган баёнотида Қозоғистон чегарасида юзага келган муаммо туфайли ва ушбу муаммолар ЕОИИ томонидан инкор этилиб келаётгани боис Қирғизистон республикаси иттифоқдаги ўз вакилини чақириб олиши мумкинлиги эслатилган эди.