Ладакхдаги ҳарбий тўқнашув: Ҳиндистондан ҳам, Хитойдан ҳам қурбонлар борлиги айтилмоқда
Ладакхдаги Гальван водийсида рўй берган ушбу қуролли тўқнашувда Ҳиндистондан бир зобит ҳамда икки аскар ҳалок бўлган. Ўз навбатида, Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Чжао Лисзяннинг маълум қилишича, Хитой ушбу ҳодиса учун Ҳиндистонга норозилик билдирган. Пекиннинг баёнот беришича, ҳиндистонлик ҳарбийлар ўртадаги келишувга амал қилмай чегарани кесиб ўтган, хитойлик ҳарбийларга ҳужум қилган ва қуролли тўқнашув келтириб чиқарган.
Куни кеча тарқатилган хабарда Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари ўз кучларини Ладакхдаги назорат чизиғидан узоқроққа олиб кетишга келишиб олгани айтилмоқда. NDTV телеканалининг Ҳиндистон армияси тарқатган маълумотга таяниб хабар беришича, тўқнашув оқибатида 20 нафар ҳиндистонлик ҳарбий ҳалок бўлган.
«Ҳозир Ҳиндистон ва Хитойнинг Гальван водийсидаги қўшинлари бир-биридан узоқлашган. Бу ерда 2020 йил 15 июндан 16 июнга ўтар кечаси қуролли тўқнашув содир бўлди. Ҳиндистон қўшинларининг 17 нафар аскари ўз бурчларини бажара туриб жиддий яраланган ҳамда олинган жароҳатлари туфайли баланд тоғ чўққисида ҳароратнинг пастлиги таъсирида вафот этган. Ҳалок бўлганларнинг сони ҳозиргача 20 нафарга етди. Ҳиндистон армияси мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини ва суверенитетини ҳимоя қилишга жонларини тиккан», – дейилади баёнотда.
Бундан аввалроқ ANI агентлиги Хитой томонидан 43 киши жабрлангани ҳақда маълум қилган эди. Уларнинг орасида ҳалок бўлганлар ва оғир яраланганлар бор, дейилади агентлик тарқатган хабарда.
Май ойининг охирида Ҳиндистон ва Хитой Ладакхдаги икки давлат чегараси вазифасини ўтовчи амалдаги назорат чизиғида қатор ҳарбий бўлинмаларини жойлаштирганди. Ушбу ҳаракат 5-6 майда Пангонг Со кўли жойлашган ҳудудда икки мамлакат ҳарбийларининг тўқнашувидан кейин амалга оширилди. Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, томонларнинг контингентларини кучайтириш ҳаракатлари хитойлик ҳарбийларнинг Гальван дарёси бўйида бир нечта чодир ўрнатгани ҳамда қурилиш ишларини олиб боргандан кейин бошланган.
Хитой билан Ҳиндистон ўртасида Кашмир шимолида тоғли ҳудуддаги ернинг, шунингдек, Ҳиндистоннинг шимолий-шарқидаги Аруначал-Прадеш штатида қарийб 60 минг квадрат километр участканинг кимга қарашли экани бўйича азалдан ҳудудий келишмовчилик давом этиб келмоқда. Икки давлат ўртасидаги амалдаги назорат чизиғи Ладакх ҳудудидан ўтади. 1962 йил кузда ҳам ушбу келишмовчилик чегара урушига айланиб кетган эди. 1993 ва 1996 йилларда Хитой ва Ҳиндистон баҳсли ҳудудларда тинчликни сақлаш бўйича битим имзолашган.