Мақолалар

Қўли очиқ деҳқон отам…

Чоп этилди Iyun 23, 2020 Қўли очиқ деҳқон отам…da fikr bildirishni o'chirish

Отам Қозоқбой Холмирзаев 1941 йили ҳарбий хизматда йигитлик бурчини ўтаётган чоғида Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, ўша ердан қишлоқдоши, хизматдош дўсти Раҳмонали билан бирга фронтга сафарбар қилинган.

Отам уруш ҳақида кўп гапирмасди, аммо дўстини тез-тез эслар, бундай пайтда билдирмасдан кўзини артиб оларди. Бир гал бийдек далада бошланган қонли тўқнашувда икки дўст аскарлар орасида бир-бирини кўздан қочирмай, огоҳ бораркан, отамнинг: “Раҳмонали, тирикмисан?” деган бақириғига жавоб қайтмайди. Эмаклаб орқага қайтади ва… дўстининг ерга юзтубан ётганини кўради. Жонҳолатда биродари юзини ўзи томонга ўгириб, тириклик нишоналарини ахтаради. Хайрият, у нафас олаётган экан! “Дўстим!” деб елкасидан тутиб силтай бошлайди. Раҳмонали кўзини бир очади-ю, қароғида аянч қотиб қолади… Отам бутун борлиқни, ўқ ёмғирини ҳам унутганча йиғлаб, қадрдонини бағрига босади. Шу сония чап елкасини бир нима жизиллатиб куйдириб ўтади. Олам бир зумда қоронғуликка ғарқ бўлиб, оғайнисининг ёнига беҳуш йиқилади…

“Аллоҳ, балки, дўстимнинг ёнига қайтишимни сабаб қилиб ҳаётимни сақлаб қолгандир”, дерди отам. Шундан кейин уни госпиталда даволашади, ҳол-аҳволига қараб, фронт ортига, ўқ-дори ишлаб чиқариладиган заводга ишчи этиб юборишади. Отам ўша ерда уруш тугагунича кечасию кундузи меҳнат қилади.

Жанггоҳдан чап кўксини тешиб ўтган ўқ чандиғи билан қайтган отамиз умрларининг охиригача меҳнатдан чарчамади. Жисм дардини ҳатто шифокорлардан яшириб, иззатталабликдан йироқ юрди. Тўғрилик, ризқу насибани фақат ҳалол ишлаб топиш ота-онамнинг доимий шиори, биздан ҳам талаблари эди. Ақлимизни таниган лаҳзалардан уларнинг ёнида меҳнатнинг нони нақадар ширинлигини ҳис этиб улғайдик.

Ватанга қайтгач, ногирон отамни жамоа хўжалиги омборига мудир қилишади. Лекин бу вазифада у бир ҳафта ишлаган, холос: юқоридан келган текширувчиларга раҳбарлар кўрсатмаси билан омборхонадаги нарсалардан олиб овқатлар қилинган, дастурхон тузатилган. Халқ молига бунақа “шериклик”дан қўрққан отам ўша куниёқ ариза бериб, далага сувчиликка ўтиб кетади. Отам деҳқончиликни яхши кўрарди. Жамоа хўжалигида ҳам, ҳовлимизда ҳам бир парча ер бўш ётишига йўл қўймасди. “Ерни алдама, кетмонни қаттиқ ур”, дерди. Ҳеч эсимдан чиқмайди: ёшлигимиздан пахта далаларида ишлаганимизда, чопиқ пайтида бошқа дугоналарим, аёллар кечки пайт кетмонларини дала шийпонига қолдириб уйга қайтишарди. Отам бунга руҳсат бермасди: “Кетмонинг ош солиб еса бўладиган даражада тоза бўлсин, ярақлаб турсин. Уни яхшилаб ювиб, ўзинг билан олиб юр”, дерди. Ҳар куни даладан қайтганимизда дарахт шохига илиб қўйган кетмонларимизни назардан ўтказарди.

Ўзи бош бўлиб фарзандларини қаттиқ ишлатарди. Томорқадан, чорвадан яхшигина даромад топардик. Ҳовлимиз кенг, бир қарич ер ҳам бўш қолмасди. Отам ҳар хил йиғин, маъракаларга чиқавермасди. Урушдан омон қайтганини, фарзандлар кўрганини Аллоҳнинг мислсиз меҳрибончилиги деб, тилидан шукрона тушмасди. Ҳар йилнинг март ойигача уйимизда ўтган йилнинг узум, қовунларидан бўларди. Уларни охиригача кўпчилик билан баҳам кўрардик. Болалигимнинг энг чиройли хотираси қўни-қўшнилар, қариндошларга насиба улашган пайтларимиз бўлиб қолган. Отам, айниқса, Рамазон ойида бошқача бўлиб кетарди: “Ҳар куни мингни бергин-у, рўзада бирни бер – савоби тенг бўлади”, деб борини улашгиси келарди. Баъзида озгинагина тансиқ таом ёки мевани ҳам бўлиштира бошласа, биз ҳайрон бўлардик. Шунда: “Тенг еганни Тангрим суяди”, дер эди.

Отам меҳнатига яраша яхши даромад топди, аммо камтарона ҳаёт кечирди. Данғиллама уй қурмади, хонадонимиз жиҳозлари эл қатори эди. “Ота-онам жуда қўли очиқ инсонлар эди, – деб ХХ аср бошларидаги болалигини эсларди дадам. – Қийинчилик, қахатчилик кунларида ҳам улар борини муҳтожлар билан бўлишиб, гўё катта эҳсон олгандек хурсанд бўлишарди. Менинг омон қолишимга, балки у меҳрибонларимнинг яхшиликлари ҳам сабаб бўлгандир. Умр – энг катта бойлик, эҳсон билан ҳадду ҳисоби, ажру мукофоти ортади. Эҳсон қилган билан давлатинг камаймайди…”

Отамиз 71 ёшда вафот этди. Ўша кунлари яна бир фазилатидан сўзлашди: у пенсияга олган пулларини умрининг шукронаси, эҳсон сифатида доим эҳтиёжмандларга бераркан. Ёзёвон туманимизда, Чўлигулистон қишлоғимизда ҳозиргача отамни кўрган-билганлар ёрқин хотираларини фарзандларига, ёшларга ибрат қилиб гапирадилар, дуо қиладилар: “Жойлари жаннатда бўлсин!”

Ўктамхон СОЛИЕВА

Марғилон шаҳар Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан