Оила

Исломда оила қуришдан кўзланган мақсадлар

Чоп этилди Iyun 24, 2020 Исломда оила қуришдан кўзланган мақсадларda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динида оила қуришдан мақсад фақат жинсий эҳтиёжни қондириш эмас. Оила қуришдан кўзланадиган мақсадлар қуйидагича:

1. Мусулмонлар сонини кўпайтириш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига хурсандчилик киритиш.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?»-деди. «Йўқ»-дедилар. Кейин, У зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман»-дедилар».

Абу Довуд, Насаий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Никоҳ менинг суннатимдандир. Ким менинг суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар. Қиёмат куни мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман” дедилар. Ибн Можа ривоятлари.

2. Нафснинг иффатини сақлаш ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “…Биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шундай агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар.

Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти.

3. Мусулмон авлодни етиштириш.

Мусулмон киши аёлига яқинлик қилмоқчи бўлганда, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўрайди.

«Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом, бу кеча юзта хотинни айланиб чиқаман. Ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади, деди. Шунда фаришта унга, иншааллоҳ, дегин, деди. У айтмади, эсидан чиқиб қолди. Бас у(аёл)ларни айланиб чиқди. Улар бирортаси ҳам туғмади. Фақат биргина аёл ярим инсон туғди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар иншааллоҳ, деганида қасамхўр бўлмас эди ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлар эди», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Фатҳ”да шундай деганлар “Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Жиҳод учун фарзанд талаб қилиш боби” деб сарлавҳа қўйишларидан мурод шуки, инсон аёли билан жимоъ қилиш олдидан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган бола кўришни ният қилади. Бордию фарзанд кўрмаса ҳам шу нияти учун ажрга эга бўлади”

Имом Мовардий раҳимаҳуллоҳ кишининг ўз аёли билан яқинлик қилиши олдидан яхши ният қилиши лозимлигини таъкидлаб бундай деганлар “Киши ҳар сафар яқинлик қилмоқчи бўлганида фарзанд кўришни ният қилиши, қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраши, “Агар Аллоҳ таоло мени фарзанд билан ризқлантирса, шояд фарзандимни Аллоҳни якка деб билиб, Унга ибодат қиладиган қилса, халқнинг салоҳияти, ҳақнинг қоим бўлиши, бандаларга манфаат келтириш ва юртларни обод қилиш ишларини унинг қўли орқали жорий қилса” деб ният қилиши керак”

4. Инсоният наслини давом эттириш.

Имом Тобароний раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳафса розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар “Бирортангиз фарзанд талаб қилишни тарк этмасин. Чунки киши вафот этсаю, унинг боласи бўлмаса, номи узилиб қолади”

Бугунги даврга келиб, ғарбу шарқдаги кофирлар ва уларнинг мусулмонлар юртидаги малайлари “Мусулмонлар орасида наслни чеклаш” фикрини ривожлантиришга уриниб, кофирларни фарзанд кўришга қизиқтирмоқдалар. Бундан кўзлаган мақсадлари мусулмонларнинг сони камайиб, кофирларнинг адади кўпайишига эришишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга иззат, қувват бўлиши учун бизни фарзанд кўришга қизиқтирганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси бир уй аҳлида ўғил бола туғилса, уларда олдин мавжуд бўлмаган иззат пайдо бўлади” деганлар.

Имом Тобароний “Авсат”да ривоят қилганлар.  

Муҳаммад Нур Сувайднинг “Болани набавий тарбия қилиш йўли” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси