Мақолалар

“Сенга ёлғон гапирибди, у яна қайтиб келади”

Чоп этилди Iyul 2, 2020 “Сенга ёлғон гапирибди, у яна қайтиб келади”da fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга Рамазон закотини, яъни фитр садақани қўриқлаб туришни топширдилар. Тунда бир одам келиб, закотга тушган озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб: “Сени ҳозир Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У: “Муҳтожман, бола-чақам кўп, фақирман”, деб муҳтожлигидан шикоят қилди. Раҳмим келиб қўйиб юбордим. Эрталаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй Абу Ҳурайра, кечаси сен қўлга туширган одам нима қилди?” деб сўрадилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг набийи, у жуда муҳтожлиги ва бола-чақаси кўплигидан шикоят қилди. Раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У сенга ёлғон гапирган, яна қайтиб келади”, дедилар. Иккинчи кечаси яна ўша киши келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб олдим-да: “Энди қайтиб келмасанг керак, деб ўйлаган эдим, аммо кўриб турибман, яна келибсан. Ҳозир сени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У яна худди кечаги гапларини такрорлади. Раҳмим келди, қўйиб юбордим. Эрталаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Эй Абу Ҳурайра, кечаси қўлга туширган асиринг нима қилди?” деб сўрадилар. “Эй Аллоҳнинг набийи, у жуда муҳтожлиги ва бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилди. Раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лекин у сени алдаган”, дедилар. Мен уни учинчи марта пойлаб турдим. У яна келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб олишни бошлади. Тутиб олдим. “Бу учинчи кеча келишинг, сени келмайди, деб ўйлайману, аммо сен қайтиб келаверяпсан. Ҳозир сени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У айтди: “Мени қўйиб юбор, сенга шундай сўзлар ўргатайки, Аллоҳ у туфайли сенга наф етказади”. “Қандай сўзлар экан?” дедим. У: “Агар ўрнингга ётсанг, Оятул курсини бошидан охиригача қироат қил, шунда Аллоҳ ҳузуридан бир ҳимоячи келиб, сени кечаси билан ҳимоя қилади, эрталаб уйғонгунингча ҳатто шайтон ҳам сенга яқин келолмайди”, деди. Кейин мен уни қўйиб юбордим. Эрталаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Эй Абу Ҳурайра, кечаси қўлга туширган асиринг нима бўлди?” деб сўрадилар. Мен айтдим: “Эй Аллоҳнинг набийи, бир нарса ўргатди, ўша нарса билан Аллоҳ менга фойда беради, деб ўйлаб қолдим”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У нима экан?” дедилар. “У менга: “Агар ўрнингга ётсанг, Оятул курсини бошидан охиригача ўқи, шунда Аллоҳ ҳузуридан бир ҳимоячи келиб, сени кечаси билан ҳимоя қилади, эрталаб уйғонгунингча ҳатто шайтон ҳам сенга яқин келолмайди”, деди”, деб жавоб бердим. Расулуллоҳ: “Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, бу сафар сенга рост айтибди. Эй Абу Ҳурайра, уч кечадан бери ёлғон сўзлаётган кишининг кимлигини биласанми?” деб сўрадилар. “Йўқ”, дедим. Расулуллоҳ: “У шайтон эди”, дедилар”[1].

[1] Имом Бухорий “Ваколат китоби”, “Бирор нарсани қўриқлаш ваколатини олган киши… боби”да ривоят қилган (2311- рақам). “Қуръон фази­латлари китоби”да ҳам ривоят қилинган (5010- рақам).

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган