
Мантиқ
Ҳарами Шарифда эдим. Масжидда таҳиятул масжид намозини ўқиётганимда тамакининг бадбўй ҳиди хушуъмни бузди. Салом бергандан сўнг бурилиб қарасам, мисрлик бир кишини кўрдим. Тамаки асоратидан лаблари қорайган эди. Шунда ўзимга-ўзим:«Бир оз кутай, сўнг олдига бориб, бир оз насиҳат қиламан», дедим.
Шу чоқда бир болакай келиб, ўша кишининг ёнига ўтирди. Улар ўртасида суҳбат бошланди:
— Ассалому алайкум, амаки. Сиз мисрликмисиз?
— Ҳа, мисрликман.
— Шайх Абдулҳамид Кўшкни танийсизми?
— Ҳа, танийман.
— Шайх Жадул Ҳақни-чи?
— Ҳа, уни ҳам танийман.
— Шайх Муҳаммад Ғаззолий?..
— Ҳа, танийман.
— Уларни фатволарини эшитиб, маърузаларини тинглаганмисиз?
— Ҳа.
— Қизиқ, хозиргина айтиб ўтган катта шайх ва олимларнинг барчаси тамакини ҳаром деганлар. Нега сиз тамаки чекасиз?
— Йўқ, тамаки ҳаром эмас! — деб беписанд жавоб берди киши.
— Нега энди ҳаром бўлмас экан? Аллоҳ таолонинг: «Нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади» (Аъроф сураси, 157), деганини эшитмаганмисиз?! Сиз тамаки чекишдан олдин «Бисмиллаҳ»ни айтиб, тугатганингиздан сўнг «Алҳамдулиллаҳ» дейсизми?!
— Лекин Қуръонда «Сизларга тамаки ҳаром қилинди» деган оят йўқ-ку! — деди киши ўзининг ҳақлигини исботлаш учун.
Бола табассум қилиб:
— Эҳҳ, амакижон. Тамаки ҳам худди олма каби ҳаром-ку… Шуни ҳам билмайсизми?
— Нималар деяпсан?! Қанақасига олма ҳаром бўлиши мумкин?! — деди киши ғазабланиб.
— Унда менга «Уларга олма ҳалол қилинди», деган бир оят келтиринг-чи!..
Киши саросимага тушди, тилига бирорта ҳам сўз келмай қолди. Кўзларида ёш қалқди. Сўнг йиғлаган ҳолда намоз ўқишга киришди..
Намоздан сўнг болага юзланиб:
— Ўғлим, Аллоҳга қасамки, мен ҳаётда қайтиб иккинчи бор бу нарсани оғзимга олмайман, — деди.
хatib.uz