Мақолалар

Сохта ғояларга алданманг!

Чоп этилди Iyul 5, 2020 Сохта ғояларга алданманг!da fikr bildirishni o'chirish

Сўнгги йилларда бир қатор мусулмон мамлакатларида юз бераётган низоли вазиятлар ўнглаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келмоқда. Ливан, Ироқ, Сурия каби давлатларда юзага келган вазият, қолаверса, минтақамизда Афғонистон мисолида бир неча ўн йиллардан бери давом этаётган беқарорлик кишини саросимага солади. Бинобарин, уруш ҳолатида бўлган давлатларда ҳеч бир соҳада ривожланиш кузатилмайди, улар дунёда кечаётган сиёсий жараёнларда тўлақонли иштирок эта олмайдилар, кўп ҳолларда улар учун бошқалар қарор қабул қилади, улар эса сиёсий ўйинларда бир қўғирчоққа айланиб қоладилар. Энг ачинарлиси, бу фожиали воқеаларни ташкил этаётган ёвуз кучлар дин омилидан устомонлик билан фойдаланмоқдалар.

Дунёда беқарорлик вазиятини келтириб чиқариб, мусулмонларни мақсадсиз жанглар, асоссиз ҳижрат каби нотўғри талқин этилган сохта даъволар билан заҳарлаб ўз домига тортаётган турли бузуқ ақидалар сирасида сохта салафийлик ғояси сўнгги йилларда турли мутаассиб оқимлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Гўё ислом динининг “асл моҳияти”га қайтишни баҳона қилиб олган сохта салафийлик ғояси, асрлар давомида мусулмон цивилизацияси босиб ўтган йўлни, қўлга киритилган натижаларни, тараққиётни йўққа чиқариш, мусулмонларни бир сўз билан айтганда, ҳар жиҳатдан «бошланғич» ҳолатга қайтаришни тарғиб қилиб, энг аввало мусулмонларга, қолаверса, бутун инсониятга зарар келтирмоқдалар.

Сохта салафийлар исломнинг илк уч асрида яшаган «салаф» уламоларини энг тўғри йўл эгалари бўлганларини ўзларига шиор қилиб, улардан кейин яшаган мусулмонларнинг барчаси «салаф»лар каби бўлиши кераклигини даъво қиладилар. Мана шу даъволари асосида сохта салафийлар жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб эълон қиладилар, «Дор ал-ислом» тушунчасини ўз манфаатлари йўлида талқин этиб, ҳижрат, яъни Ватандан воз кечишни тарғиб этадилар, фиқҳий мазҳабларни ботилга чиқарадилар, тараққиётдаги ҳар бир янгиликни залолат, деб тушунтирадилар, бошқа дин вакилларига нисбатан кескин мавқени эгаллайдилар, ўша давр турмуш тарзининг маиший жиҳатларини мусулмонлар томонидан ўзгаришсиз бугунги кунга татбиқ этилиши имонни мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини таъкидлайдилар. Бир сўз билан айтганда, Ислом динини уруш ва қолоқлик, саводсизлик ва тоқатсизлик дини сифатида намоён этадилар.

Аммо, шу билан бирга, ўз ғояларини тарғиб этишда интернет тармоғидан жуда унумли фойдаланиш орқали сохта салафийлар дунё бўйлаб ўз сафдошлари сонини кўпайтиришга интилмоқдалар. Афсуски, сўнгги йилларда интернет ёшларимизни маълумот олиш борасидаги чегаралардан халос этиш, тараққиётнинг ижобий ютуқларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш, дунё билан юзлашишга хизмат қилиш баробарида, ғаразли кимсаларнинг бузғунчи ғоялари билан заҳарланишига ҳам йўл очиб бераётган тизимга айланиб бормоқда. Айрим ёшлар орасида куфр, жиҳод, шаҳидлик ҳақидаги ҳамда «Мазҳаблар ўзи бизга нима учун керак?» қабилидаги фиқҳий мазҳабларни менсимаслик оҳангида берилаётган саволларнинг туб моҳиятини англаб олиш қийин эмас.

Шукрулло ЖЎРАЕВ 

Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан