Мақолалар

Ботил савдо

Чоп этилди Iyul 5, 2020 Ботил савдоda fikr bildirishni o'chirish

“Ботил” сўзи луғатда пуч, асоссиз бўлмоқ маъноларини билдиради. Шариатда ботил савдо деб, рукни ёки маҳаллига халал етган савдо ёки асли ва васфи шаръий бўлмаган савдога айтилади.

Савдонинг рукни деганда ижоб ва қабул, яъни сотувчи “сотдим”, харидор “олдим” дейиши тушунилади. Ижоб ва қабул ақли расо, балоғатга етган кишидан содир бўлиши керак. Ақли тўлмаган ёш бола ва мажнунники ҳисобга олинмайди.

Икки савдолашувчидан бири норози бўлса, савдо рукнига халал етади ва савдо ботил бўлади.

Савдонинг маҳалли деб савдо молига айтилади. Бунда сотиладиган мол ношаръий бўлмаслиги керак.

Ижоб ва қабул мол савдонинг асли ҳисобланади. Васф деб рукн ва маҳаллидан ташқари нарсалар айтилади. Масалан, ўзи йўқ нарсани сотиш ёки савдода шариатга зид шарт қўйиш. Нотўғри шартга мисол: “Бу матони ундан иккита кийим тиктириб берсанг, сотиб оламан”, дейиш ёки “Буни ҳеч кимга сотмаслигинг шарти билан сотаман”, дейиш.

Демак, савдода икки тараф розилиги ёки сотилаётган нарса аниқ ва шариатга мувофиқ бўлса, ҳамда қўйилган шарт шариатга зид бўлмаса, савдо тўғри бўлади. Юқоридаги иллатлардан биронтаси юзага келса, савдо ботил ҳисобланади. Яъни савдо савдо бўлмайди. Савдога ботил аралашгани сабаб мулкдорлик ҳуқуқи бекор ҳисобланади. Сотиб олинган мол – эгасига, пул – сотувчига ҳаром бўлади.

Ботил савдо турлари:

1. Йўқ нарсани сотиш. Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. Бир одам туяларни туққунича ва унинг қорнидаги ҳам туққунича сотиб олар эди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

2. Қўлига тутқазиш мумкин бўлмаган нарсани сотиш. Масалан, учиб юрган қушни сотдим, дейиш.

3. Нажас ва нажас аралашган нарсаларни сотиш.

Ҳанафий мазҳаби бўйича ўлимтик, тўнғиз, хамр (маст қилувчи) ва қонни сотиб бўлмайди. Ҳайвон гўнгини сотиш жоиз.

Энди ўсиб чиқаётган ёки чиққан майса экинни (масалан, пиёз, картошка, буғдой ва шунга ўхшаш) ўлчовли қийматда олдиндан сотиш ботил. Дарахтнинг бир неча йиллик мевасини олдиндан сотиш ботил. Ерни ижарага бераётиб, “Нима эксанг экавер, ҳосилнинг бунчасини берасан”, дейиш ботил. Чунки нима экилиши, тарафларнинг харажати, муддат кўрсатилиши керак эди. Бу ердагиси эса ботил шарт.

“Мухтасари виқоя” китобида қуйидагича келтирилади: “Қон, ўлимтик, ҳур инсон ва унга тобе нарсалар каби мол бўлмайдиган нарсалар савдоси ботилдир. Хамр (маст қилувчи) ва тўнғиз каби мусулмонга мол бўлмайдиган нарсаларнинг савдоси ҳам ботил. Қориндаги ҳомила, садафдаги луълуъ ва елиндаги сут каби оқибати ноаниқ нарсалар савдоси жоиз эмас. Умуман, оқибати номаълум нарсанинг савдоси жоиз эмас. Яйловни сотиш ҳам, ижарага бериш ҳам жоиз эмас. Асаларини уясиз сотиш жоиз эмас. Одамдан олинган нарсаларни (соч, тирноқ, аёл кишининг сути ва шунга ўхшашлар) сотиш ҳам ножоиз. Нажш[1] ва нархига икки тараф рози бўлиб турган савдо устига савдо қилиш макруҳ. Азон вақтида савдо қилиш ҳам макруҳ”.

Шунингдек, бозорга мол олиб келганни авраб арзон нархга олиш учун олдини тўсиб чиқиш макруҳ.

Хулоса қилиб айтсак, мусулмон киши савдога оид илмни ўрганиши керак. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу: “Савдо илмини яхши ўрганмаган киши бозоримизга кирмасин”, деганларининг ҳикмати ҳам шундан. Чунки киши билмаган ҳолида гуноҳкор бўлиб қолиши, бошқалар билан низога бориши, бировнинг ҳақини еб қўйиши мумкин. Аллоҳ таоло ундай ҳолдан асрасин.

“Кифоя” китоби асосида Абдулла ДЕҲҚОН тайёрлади.

 “Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан