Мақолалар

Қизларимизни қандай тарбиялаяпмиз?

Чоп этилди Iyul 5, 2020 Қизларимизни қандай тарбиялаяпмиз?da fikr bildirishni o'chirish

Сўнги пайтда одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси ё ибо-ҳаёси ҳақида турли нохуш хабарлар тарқалмоқда. Бу – бир мусулмон киши сифатида дилимни хира қилади. Ахир, қизларимизнинг таълим-тарбияси, турмуш тарзи учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарзлардан биридир.

Динимизда қизларни яхши тарбия қилганларга ўғил болалардан кўра кўп савоб ваъда қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, уларга гўзал муносабатда бўлса ва уларнинг ҳақида Аллоҳдан қўрқса, унга жаннат берилур” (Имом Термизий ривояти). Одатда кишилар табиатида ўғил фарзандга мойиллик бўлиб туради. Қизларга бир оз эътиборсиз бўлади. Шунинг учун ҳам шариатимиз кўрсатмаларида қизлар тарбияси учун қилинган ваъдаларга алоҳида урғу берилган.

Албатта, бир ёки икки қизни ахлоқ-одобли, диёнатли қилиб тарбиялаб, муносиб жойга турмушга бериш осон иш эмас. Бу ҳадиси шарифдан киши ўз қиз фарзандлари тарбиясига қанчалик савоб олган бўлса, сингиллари тарбияси учун ҳам шунчалик савоб олиши маълум бўлмоқда.

Қизининг нафақаси ва таълим-тарбияси борасидаги зиммасига юкланадиган фарзлардан ота фақат қизи турмушга чиққанидан кейингина фориғ бўлади. Чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман олганда, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас.

Фарзандларимизга мол тўплаш орзуси билан эмас, гўзал хулқ, таълим-тарбия бериш иштиёқи билан яшамоғимиз керак. Шундагина улар ҳам истаганимиздек одобли, саодатли, фидойи, ҳалол инсонлар бўлиб улғаядилар.

Манбалар асосида Когон шаҳридаги “Зиёкор” маҳалласи фаоли

Тошпўлат АШУРОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан