РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ – МУКАММАЛ ҚАЛБ СОҲИБИ
(Давоми, бошланиши ўтган сонларда)
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари бошқаларнинг қалбидан афзаллиги, кенглиги, қуввати, тақвоси, мусаффолиги, мулойимлиги ва раҳм-шафқатлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидаги бу хусусиятлар шу даражада бошқа инсонлар қалбида топилмайди. Шунингдек, ул зотнинг қалблари имон ва Қуръон нурлари билан тўлиб-тошган, доимо уйғоқ ва ҳушёр эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак қалблари қалбларнинг энг яхшиси эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда бундай дейилган: «Аллоҳ таоло яратган бандаларининг қалбларига назар солди. Улар орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун ул зотни танлаб олди ва пайғамбарлик рисолати ила юборди. Кейин яна бандаларининг қалбларига назар солганида улар орасида саҳобаларнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динини ҳимоя қилиб, курашадиган ўринбосарлар (ёрдамчилар) қилиб қўйди. Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам яхшидир. Улар нимани ёмон деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам ёмондир» (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
Биз, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари у зотнинг муборак қалблари дунёда энг покиза ва энг мусаффо қалб эканига асло шубҳа қилмаймиз. Чунки ёшлик пайтларида ул зотнинг муборак қалбларидан шайтон насибаси олиб ташланган. Бу ҳақда Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалик пайтлари, дўстлари билан ўйнаб юрган кунларининг бирида Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига инсон қиёфасида келиб, маҳкам ушлайди. Сўнг ерга ётқизиб, кўк ракларини ёради. Сўнг юракларидан бир лахта қонни чиқариб: “Бу сендаги шайтоннинг насибаси эди”, дейди ва юракларини олтин идишдаги замзам суви билан ювади. Шундан сўнг яна юракларини жойига қўяди. Ҳодисанинг гувоҳи бўлган болалар қўрқувдан қалтқалт титраб, шошганча ул зотнинг сут оналари олдига бориб, “Муҳаммадни ўлдиришди!” деб хабар беришади. Ҳамма ўша жойга югуриб боради ва ул зотни ранглари ўчган ҳолатда кўрадилар». Анас розийаллоҳу анҳу сўзларини давом эттириб, яна бундай дейдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўкракларида билинар-билинмас изларни кўрганман» (Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривояти).
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 9-сонидан