Ҳиндистонда вазият оғир, бироқ айримлар олтиндан ясалган ниқоб тақиб юрибди
Жонс Хопкинс университети олиб бораётган ҳисоб-китобда Ҳиндистон касаллик сони бўйича дунёда 3-ўринни эгаллаб турган Россияга жуда яқинлашди. Бу икки мамлакатни бор-йўғи 399 ҳолат ажратиб турибди.
Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, айни пайт Ҳиндистонда 244 814 киши коронавирусдан даволаняпти, 409 082 бемор тузалиб чиққан (сўнгги 24 соат ичида 14 856 одам соғайган), ҳозиргача 19 268 ўлим ҳолати қайд этилган. Охирги сутка мобайнида 613 нафар фуқаро ушбу инфекция туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Суткалик ўсиш шанба куни тонгдаги маълумотда 22,7 минг, бир кун олдин эса 20,9 мингни ташкил этган. Кўриниб турибдики, сўнгги уч кунда вирус юққани аниқланган кишилар сони муттасил, ташвишланарли жиҳати, сезиларли даражада ошган.
Мамлакат марказидаги, офатдан энг кўп зарар кўрган Махараштра штатида, табиийки ўсиш кўрсаткичи энг юқори – 200 064 нафар (бир суткада 7 074 киши). Хасталанганлар сонига кўра Тамилнад штати 107 001 нафар бемор (кунлик ўсиш 4280) билан 2-ўринга кўтарилди. Рўйхатнинг 3-поғонасида пойтахт Деҳли округи қайд этилган – жами 97 200 вирус ташувчи (охирги кун аниқланганлар 2505 нафар).
Мамлакат бўйлаб вирусга дуч келганлар сони жадал ортиб бораётганига қарамасдан, ҳукумат июнь ойи охирида ҳимояланиш тартибидан чиқишнинг 2-босқичини эълон қилди. Янги қоидаларга мувофиқ, коронавирус тарқалаётган зона сифатида тан олинган, яъни зарарланиш миқдори ортиши давом этаётган ҳудудларда изоляция режими 31 июлгача узайтирилди. Чекловлар мактаблар ва университетлар фаолиятига ҳам тааллуқли. 8 июнда бошланган биринчи босқич давомида эса ибодатхоналар, меҳмонхоналар, ресторанлар ва савдо марказлари очилган эди.
Масалан, Махараштра штатида яшовчи Шанкар Кураде коронавирус пандемияси баҳона ўзи учун тилладан ясалган ҳимоя ниқоби ясаттирди. Бу ҳақда бойваччанинг ўзи ОАВга интервью берган.
«Олтиндан ниқоб буюртма бериш ғояси менда кумуш ниқоб тақиб юрган одамни учратганимда келди. Ахир, мен оғир тилла буюмлар, масалан занжир ва узуклар тақиб юришни ёқтираманда. Нимага энди олтин ниқобим бўлмасин экан? Хуллас, маҳаллий заргардан ўзим учун тилла ҳимоя ниқоби ясаб беришини илтимос қилдим», — дейди суҳбатдош.
Қарийб 2.5 килограмм тош босадиган мазкур ғаройиб буюм буюртмачига тахминан 3870 долларга тушди.
Кураденинг айтишича, ниқоб нафас олишга қийналмаслик учун махсус ҳаво ўтказадиган ёриқлар билан таъминланган.
«Чоралар самарадорлиги ҳақида гапирганда, биз яхши биламиз, фақат ниқоб тақишнинг ўзи етарли эмас, балки одамлар орасида оралиқ масофани ҳам сақлаш зарур. Демак, тилла ниқоб билан юрсамда, талаб даражасидаги ижтимоий масофани ушлашга ҳам риоя қиламан», — дейди Ҳиндистон фуқароси.
Табиийки, ушбу ниқоб кўпчилик маҳаллий аҳоли вакиллари, шу жумладан ОАВ ходимлари эътиборини тортди.
«Олтин ниқоб тақиб кўчага чиққанимда ҳамманинг кўзи менда бўлади. Гарчи бизнинг оила аъзолари қимматбаҳо заргарлик буюмлари ишқибози эканлигини минтақада ҳамма яхши билсада, тилла ниқоб бари бир бошқача — ўзига хос янгилик. Шунинг учун ҳам одамлар учун бу жуда қизиқ бўлди», — қўшимча қилади у.