Янгиликлар

Муфтий ҳазрат Тошкент ислом институтига китоблар совға қилдилар

Чоп этилди Mart 27, 2019 Муфтий ҳазрат Тошкент ислом институтига китоблар совға қилдиларda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига ўзларининг шахсий кутубхоналаридан китоблар совға қилдилар. Тақдим этилган адабиётлар орасидаги “Тафсири Ирфон”, “Ҳидояи шариф”, “Муножотнома”, “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” ва “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари” каби асарларни алоҳида таъкидлаш керак.
Ушбу китоблар институт талабалари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.
Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар.
Ҳақиқатан, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва барчани унда иштирок этишга даъват этамиз.

Тошкент ислом институти Матбуот хизмати