Мақолалар

Сизга нима бўлди?

Чоп этилди Iyul 9, 2020 Сизга нима бўлди?da fikr bildirishni o'chirish

Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ Басра кўчаларидан бирида, йўл четида оғзидан хамр томчилаб турган мастни кўрди. У шу ҳолида: «Аллоҳ! Аллоҳ!» деб ётганди. Аллоҳнинг исмини пок оғизда зикр қилсин, дея тезда бир идишда сув олиб келиб, унинг оғзини ювиб қўйди.

Ўша тунда туш кўрди. Тушида:

– Бизнинг ҳурматимиз учун унинг оғзини покладинг, сенинг ҳурматингдан биз унинг қалбини покладик! – деган хитобни эшитди.

Эрталаб бомдодда масжидга борса ҳалиги одам икки кўзи жиққа ёш сафда ўтирибди.

Унга яқинлашиб бориб:

– Сизга нима бўлди?! – деб сўради.

Шунда у:

– Қалбимни поклаган Зот сизга ҳолимдан тунда хабар берди-ку! – деди.

Ибн Қудома Мақдисийнинг «Китоб ут-таввабийн» асаридан