Муслима аёл “ИШИД” ёзуви сабабли Starbucks’ни судга берди
АҚШнинг Миннеаполис штатида муслима аёл Starbucks кофелар тармоғини судга берди. Бунга унинг стаканида “ИШИД” ёзуви ёзилгани сабаб бўлди, дейилади CNN хабарида.
Мазкур воқеа Сент-Пол шаҳрида юз берди. 19 ёшли Ойиша диний камситиш айблови билан штатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вазирлигига ариза билан мурожаат қилди.
Starbucks’да стаканга буюртмачининг исми ёзилиши кўзда тутилган. Аммо сотувчилар бунинг ўрнига ISIS (ИШИДнинг инглиз тилидаги аббревиатураси) деб ёзишган.
Шахобча ходимаси мижознинг исмини эшитмаганини, бунга унинг ҳижоб ва ҳимоя ниқобида бўлгани сабаб бўлганини билдирган. Ойиша эса унга исмини бир неча марта такрорлаганини таъкидлади.
Стакандаги ёзувни кўрган қиз менежерни чақиришларини талаб қилди. Натижада унга янги ичимлик беришди ва 25 долларлик совға картасини тақдим этишди. Аммо у барибир ариза ёзишга қарор қилди.
“Мен ўзимни таҳқирлангандек ҳис қилдим ва бундан тушкунликка тушиб қолдим. Бу сўз бутун дунёдаги мусулмонларнинг обрўсини тўкади. Бизнинг вақтимизда буни осон қабул қилиш мумкинлигига ишона олмаяман”, деди Ойиша.
Жабрланган қиз аъзо бўлган Америка-ислом муносабатлари кенгаши Starbucks ходимининг ишдан бўшатилишини талаб қилди.