Эрдоған: “Аё София кишанлардан озод бўлди…”
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Аё Софиянинг масжидга айлантирилгани сабабли танқидларга жавоб қайтарди.
Эрдоған Туркияни танқид қилишни мамлакат обрўсига қилинган ҳужум деб атади. Сиёсатчи бошқа давлатларни Анқаранинг қарорини ҳурмат қилишга чақирди.
Туркия раҳбари, шунингдек, бинода тайёргарлик ишлари олиб борилишини айтди. Улар тахминан олти ой давом этади. “Биз бу ишларни мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари келиб, ота-боболаримиз меросини қандай ҳимоя қилишимиз ва миш-мишлар ҳақиқат эмаслигини кўришлари учун амалга оширамиз”, деб таъкидлади сиёсатчи.
Эрдоған Аё Софиянинг масжид сифатида очилишини “қайта тикланиши” билан таққослади. Унинг сўзларига кўра, бино “кишанлардан озод бўлган”.
Аввалроқ, Туркия Давлат Кенгаши – энг юқори маъмурий суд – Вазирлар Маҳкамасининг 1934 йилдаги Аё Софияга музей мақомини берган қарорини бир овоздан ноқонуний деб эълон қилди ва бекор қилди.
Давлат кенгашининг хулосасида Аё София кадастрда масжид сифатида рўйхатга олинганлиги ва бу мақом ўзгармаганлигини таъкидланади.