Мақолалар

Макка мушриклари Пайғамбар с.а.в.ни кутишганмиди?

Чоп этилди Iyul 13, 2020 Макка мушриклари Пайғамбар с.а.в.ни кутишганмиди?da fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий туша бошлаб, у зот пайғамбар эканини айтган кезларда Макка аҳолиси орасида охирги пайғамбар Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан чиқишига астойдил ишонадиганлар бор эди. Шунинг учун ҳам маккаликлар бу янгиликни эшитганларида охирги пайғамбар ўзларининг орасидан чиқишини билар эди деб комил ишонч билан айтиш мумкин. Ҳатто қуйидаги ояти каримада улар Пайғамбарни кутаётгани очиқ айтилган:

وَهَـذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

أَن تَقُولُواْ إِنَّمَا أُنزِلَ الْكِتَابُ عَلَى طَآئِفَتَيْنِ مِن قَبْلِنَا وَإِن كُنَّا عَن دِرَاسَتِهِمْ لَغَافِلِينَ

أَوْ تَقُولُواْ لَوْ أَنَّا أُنزِلَ عَلَيْنَا الْكِتَابُ لَكُنَّا أَهْدَى مِنْهُمْ فَقَدْ جَاءكُم بَيِّنَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَذَّبَ بِآيَاتِ اللّهِ وَصَدَفَ عَنْهَا سَنَجْزِي الَّذِينَ يَصْدِفُونَ عَنْ آيَاتِنَا سُوءَ الْعَذَابِ بِمَا كَانُواْ يَصْدِفُونَ

Биз туширган бу китоб, муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар. «Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофилмиз», демасликларингиз учун. Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун, батаҳқиқки, сизга Роббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ шахс борми? Тезда оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз (Анъом, 155-157).

Муфассирлар ушбу отяларда эслатиб ўтилган “икки жамоа” иборасидан мурод яҳудийлар ва насронийлар эканига иттифоқ қилганлар. Бундан аён бўладики, оятлар маккаликларга хитобан айтилган. Юқоридаги оятларни ўрганган Ибн Касир уларга қуйидаги оятни ҳам қўшимча қилган:

وَأَقْسَمُوا بِاللَّهِ جَهْدَ أَيْمَانِهِمْ لَئِن جَاءهُمْ نَذِيرٌ لَّيَكُونُنَّ أَهْدَى مِنْ إِحْدَى الْأُمَمِ فَلَمَّا جَاءهُمْ نَذِيرٌ مَّا زَادَهُمْ إِلَّا نُفُوراً

Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. (Фотир, 42)

Кўплаб муфассирлар ушбу оятни шарҳлар эканлар, аҳли китоблар ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончиликда айблаганини билган қурайшликлар: “Аллоҳ яҳудийлар ва насронийларни лаънатласин, Агар бизга пайғамбар келганида эди, биз бошқа ҳар қандай халқдан кўра, унга итоаткор ва ростгўйлардан бўлар эдик, дердилар”, деганлар. Ибн Касир ва бошқа муфассирлар Анъом сурасининг тилга олиб ўтилган оятларига Соффат сурасининг қуйидаги оятини қўшимча қилганлар:

وَإِنْ كَانُوا لَيَقُولُونَ
لَوْ أَنَّ عِندَنَا ذِكْراً مِّنْ الْأَوَّلِينَ
لَكُنَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ
فَكَفَرُوا بِهِ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ

Ҳолбуки, улар дер эдилар: «Агар бизнинг ҳузуримизда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида. Албатта, Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик». Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар (Ас-Саффот, 167-170).

Имом Табарий: “Мазкур оят маккалик кўпхудоларга ҳақида айтилган. Чунки улар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват келгунига қадар шундай дер эдилар”, деган.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.