Имомнинг ҳусни хулқи
Мадиналиклардан бири ривоят қилади: “Зайнул-Обидийн масжиддан ташқари чиқаётганда орқасидан таъқиб этиб, уни сўка бошладим. Ўзи бунга арзирли бирор сабаб ҳам йўқ эди. Одамлар мени тутиш учун устимга бостириб кела бошладилар. Агар мени ушласалар бурда-бурда қилиб ташлаши тайин эди. Шунда у зот одамларга қараб:“Уни тек қўйинглар”, деди. Дарғазаб одамлар менинг қаршимда тўхтади. Менинг қалтираётганимни кўриб, у очиқ чеҳра билан ёнимга келди ва мендаги даҳшатни кетказиб, тинчлантира бошлади. Сўнг менга: “Сен ўз билганларинг билан бизни сўкдинг, ҳали сен билмаганларинг қанча! Бирор эҳтиёжинг бўлса, ёрдам берайлик!” деди. Ундан уялиб ҳеч нарса демадим. Мени уятнинг зўридан терга ботганимни кўриб эгнидаги тўнини елкамга ташлади, сўнгра менга минг дирҳам беришларини амр қилди.
Ўша вақтдан кейин ҳар сафар уни учратганимда, “Гувоҳлик бераманки, албатта, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ссаламнинг фарзандларидансиз”, дердим.
Нозимахон Аббосхонова тайёрлади.