АҚШ, Буюк Британия ва Канада россиялик хакерларни вакцинани ўғирлашда айбламоқда
Шу кунларда жаҳон ОАВ эътибори марказида турган ахборотлардан бири, шубҳасиз дунёнинг энг қудратли ва айни пайтда иттифоқчи саналган уч давлати томонидан биргаликда Россия хакерларига нисбатан билдирилган баёнот, десак янглишмаган бўламиз.
Ушбу воқеа ҳақидаги дастлабки маълумотлардан бири Россиянинг “Sputnik” радиоси манбалари орқали кеча, пайшанба куни тарқатилди.
Ўша хабарда SARS-CoV-2 коронавирусига қарши ишлатилиши мўлжалланган вакцинани ишлаб чиқариш билан боғлиқ маълумотлар жиддий хавф остида қолгани айтилган. Аниқроғи, Буюк Британия кибер хавфсизлиги маркази хакерлар АҚШ, Бирлашган Қироллик ва Канадага тегишли махфий маълумотларни эгаллашга уринганини эълон қилди. Ва бу ҳаракатни амалга оширишда, нимагадир, Россияни айблашди.
Ахборотда аниқлик киритилишича, Россия разведка тузилмалари таркибига дахлдорлиги «деярли аниқ» бўлган, “APT29” ёки “Dukes” ва “Cozy Bear” деб номланадиган «кибер жосуслик билан шуғулланувчи гуруҳ»лар йил давомида тегишли препаратни яратишда иштирок этаётган илмий ҳамда фармацевтикага ихтисослашган институтлар ва бошқа ёндош ташкилотларга ҳужум уюштириб турган.
«Россия разведка хизмати коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб бораётганларга нисбатан тиш қайрамоқда, бу ҳаракатни мутлақо ҳазм қилиб бўлмайди. Бошқалар ўзларининг эҳтиётсиз ҳатти-ҳаракатлари билан худбинликка йўғрилган манфаатларини илгари сураётган бир пайтда Бирлашган Қироллик ва иттифоқчилар вакцина ишлаб чиқариш, бутун дунёдаги инсонлар саломатлигини асраш мақсадида машаққатли ишни амалга оширишда давом этишяпти», – деган Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Доминик Рааб.
Ғарб разведка хизматлари мазкур кибер ҳужумни илмий тадқиқотларни йўққа чиқариш эмас, балки интеллектуал мулкни ўғирлашга уриниш сифатида баҳоламоқда. Британия кибер хавфсизлиги маркази қайд этишича, хакерлар бирор-бир ахборотни қўлга кирита олишганми ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум. Бинобарин, ҳужумчилар аниқ шахсларга тааллуқли муҳим, конфиденциал ахборотларга зиён етказа олишмаган.
Бирмунча вақт ўтгач, ушбу мавзуга “BBC”нинг рус хизмати ҳам мурожаат қилди. “BBC” хабарига кўра, Буюк Британия, АҚШ ва Канада келишган ҳолда Кремлга алоқадорлик эҳтимоли мавжуд россиялик хакерлар гуруҳининг ғарб тиббий лабораторияларига ҳужум қилиб, коронавирус касаллигини келтириб чиқарадиган “Covid-19”га қарши ишлатиладиган вакцинани ўғирлашга ҳаракат қилган.
Учта разведка хизмати – Америка Миллий хавфсизлик агентлиги, Британия Миллий кибер хавфсизлиги маркази ва Канада Коммуникациялар бўйича хавфсизлик агентлиги мазкур хакерлик ҳужуми учун айбни “APT29” ва “Dukes” номлари билан ҳам аталадиган “Cozy Bear” гуруҳи зиммасига юклаб, расман баёнот берди.
Ҳозирча АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги айнан қайси илмий ёки тиббий муассасаларга қарата ҳужум амалга оширилгани ҳақида сўз юритмаган.
Табиийки, Москва ҳам айни мазмундаги баёнотларга дарҳол муносабат билдирди ва ушбу хабарлар шунчаки қуруқ ва ҳазм қилиб бўлмайдиган гап эканини таъкидлади. Кремлнинг фикрича, Россия бундай хакерлик ҳужумларига ҳеч қандай алоқадор эмас.
«РИА Новости» Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг «Биз худди 2019 йилдаги сайловлар билан боғлиқ айбловлар каби навбатдаги қуруқ гапдан иборат бундай айбловларни ҳазм қила олмаймиз», – деган сўзларини иқтибос сифатида келтиради, мазкур можарога муносабат билдираркан.
Британия Миллий кибер хавфсизлиги маркази баёнотига қараганда ушбу ташкилот вакиллари хакерлик ҳужумларини билиб қолишгач, бу ҳақда дарҳол америкалик ва канадалик ҳамкасбларига хабар беришган. Шу билан бирга Британия махсус хизмати хакерлар қандай усуллар ёрдамида ҳаракатланиши ва бундай ҳужумлардан қай тарзда ҳимояланиш мумкинлиги хусусидаги тавсиялар битилган йўриқномалар тарқатишган.