Ошиқу орифлар. НАСАБГА ЭМАС, АМАЛГА ҚАРАЛАДИ
Довуд Тойи раҳматуллоҳи алайҳ Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келди ва:
– Эй Аллоҳ Расулининг авлоди, менга маслаҳат беринг, қалбим қорайди, – деди.
Жаъфар Содиқ ундан:
– Эй Довуд, сен замоннинг зоҳиди бўлсанг, менинг ваъзимга нима эҳтиёжинг бор? – деб сўради.
Довуд Тойи дедики:
– Эй Аллоҳ Расулининг авлоди, шубҳа йўқки, барча халқдан сизнинг устунлигингиз бор. Шунинг учун ҳар бир кишига ваъз этишингиз лозим, – деди.
Жаъфар Содиқ бундай деди:
– Эй Довуд Тойи, қиёмат куни бобом ёқамдан олиб, менга тобе бўлиш ҳаққини нега ўтамадинг, бу иш саҳиҳ бир нисбат ва қувватли бир насаб билан бўлмайди. Бу иш фақат Ҳақ таолонинг ҳузурида гўзал бир муомала билан бўлади, (насабга эмас, амалга эътибор қилинади) дейишидан андеша қиламан.
Буни эшитган Довуд Тойи йиғлади ва дедики: “Илоҳий, тийнати пайғамбарлик суви билан йўғрилган, табиатининг таркиби бурҳон ва ҳужжатнинг аслидан бўлган бобоси Расул бир зот шундай бир ҳайрат ичида бўлса, Довуд Тойи ким бўлибдики, муомаласи ва амалидан мамнун бўлсин”.
Ҳужвирийнинг “Кашфул-маҳжуб” асаридан