Исроилликлар ҳукуматдан нега норози?
Минглаб исроиллик ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашиш учун тутган йўлига норозилик билдириш учун намойишга чиқди. Қуддус ва Тель-Авивдаги намойишчилар полициянинг қаттиқ қаршилигига дуч келди, дея хабар бермоқда Deutsche Welle.
Полиция намойишчиларни босимли сув билан тарқатишга уринган, кўп сонли намойишчилар полиция идорасига олиб кетилган.
Худди шундай намойиш ўтган ҳафтада ҳам бўлиб ўтган, минглаб исроиллик Биньямин Нетаньяҳу бошчилигидаги ҳукуматнинг инқироз пайтидаги сиёсатига норозилик билдирган эди. Ҳукумат коронавирусга қарши кураш доирасида март ойи ўрталарида бир қатор чекловларни жорий этган, май охирида эса чекловлар юмшатилган эди. Шундан сўнг касалланишлар сони орта бошлади. Шу сабабли ҳукумат жума куни айрим тадбирларни қўллашга қарор қилди. Жумладан, дўконлар, савдо марказлари, сартарошхоналар ҳафта охирида ёпиқ бўлади.
Бош вазир Нетаньяҳу чекловлар барвафқт юмшатилганини тан олиб, норозилик намойишларидан кейин аҳолига шошилинч моддий ёрдам берилишини маълум қилди.
Баъзи намойишчилар эса коррупция ва порахўрликда айбланиб, устидан жиноят иши қўзғатилган Биньямин Нетаньяҳуни истеъфо беришга чақирган.