Саломатлик

Кўп дарднинг давоси нок

Чоп этилди Iyul 21, 2020 Кўп дарднинг давоси нокda fikr bildirishni o'chirish

Саховатли заминимизда етилган ушбу мева ўзининг тоти, шифобахшлиги билан ажралиб туради. Боиси нок таркибидаги қанд, пектин, ҳужайралар ва энг асосийси, А, В1, В2, Е, С, РР, Р дармондорилари, каротин, фолий кислотаси, минерал тузлар (темир, калий, молибден, фосфор, кобалт, йод, калций) йиғиндиси инсон танасига тетиклаштирувчи ва соғломлаштирувчи таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, микробларга қарши курашишда ноёб ҳисобланган гликозидлар мавжуд бўлиб, у организмдаги турли инфекцияли касалликлар (буйрак ва пешоб пуфагининг яллиғланиши) олдини олишда самарали ёрдам беради. Нок капиллярларни кучайтириб, юрак-қон томир тизимига яшартирувчи таъсир ўтказади.

Манбаларда айтилишича, қандли диабетга чалинган ва оғир вазнли беморлар кундалик таомномасига бемалол 3-4 дона яхши пишган нокни киритиши мумкин. Жигар, ошқозон-ичак тизими касалликлари билан оғриган беморлар эса хом нокдан истеъмол қилиши фойдали.

Янги тайёрланган нок шарбати организмдан заҳарли чиқиндиларни чиқариш хусусиятига эга бўлгани учун антибиотиклар билан даволашдан кейин тозаловчи ва тикловчи восита сифатида (кунига 1-2 пиёладан ичилади) қўлланилади.

Агар 4 дона нок майда тўғралиб, устига 3 пиёла қайноқ сув қуйилиб, 10 дақиқа паст оловда қайнатилиб, 3-4 соат давомида тиндирилиб, кунига уч маҳал ярим-бир пиёладан ичилса, шамоллаш, юқори ҳарорат ва йўталда жуда фойдали бўлади.

Камқонликда, қон айланишининг бузилишида (томирлар торайиши, синувчанлиги), варикознинг олдини олишда ҳам ушбу мева хосиятли бўлиб, ҳар куни 2-3 донаси бунда ўз самарасини кўрсатади.

Ҳафақонга чалинган кишилар бир пиёла қуритилган нок ва ўрик мевасини аралаштириб, бир литр совуқ сув қуйиб, ўрта оловда пишгунча қайнатиб, 4 соат давомида тиндирилгач, қайнатмани кунига 3-4 маҳал ярим пиёладан ичса, ушбу хасталикка кор қилади.

Буйраклар касаллиги, жумладан, пиелонефритга дучор бўлган беморлар бир пиёла қуритилган, майдаланган нокка 4 ошқошиқ сули ёрмасини қўшиб, устига 1 литр совуқ сув қуйиб, ўрта оловда 15-20 дақиқа қайнатиб, сўнг 3 соат тиндириб ичса, малҳам сифатида таъсир этади.

Шунингдек, қуритиб, майдаланган нокдан 2 чойқошиқ олиб, устига бир пиёла қайноқ сув қуйиб, 2 соат ўраб қўйиб тиндирилгандан сўнг кунига уч маҳал 1-2 ошқошиқдан ичган боди бор кишининг хасталиги енгиллашади.

Холецестит (ўт пуфаги яллиғланиши)да ҳар куни наҳорга икки дона нок тановул қилиш ёки ёввойи нокдан тайёрланган, шакар солинмаган компот ичиш яхши фойда беради.

Ошқозон ҳазм қилиш аъзолари касалликлари (гастрит, ошқозон яраси) зўрайганда нок тавсия этилмайди. Нок шарбатини сурункали қабзиятга дучор бўлган одамлар ичиши мумкин эмас. Нокни овқатдан 30-50 дақиқа кейин ейиш мақсадга мувофиқ. Нок тановул қилгандан кейин сув ичилмайди.

Меҳр МАЛИК тайёрлади.