
Италия ва Швейцарияда мафияга қарши кураш операцияси чоғида 75 киши қўлга олинди
Италия молия гвардияси ва Швейцария полицияси ҳамкорлигида қудратли жиноий ташкилотлардан бири – Ндрангета аъзоларига қарши уюштирилган махсус кенг кўламли операция натижасида 75 киши ҳибсга олинди. Улар кўплаб оғир жиноятларда гумонланмоқда.
Италия жанубидаги Катандзаро провинцияси молия гвардияси вакиллари журналистларга маълум қилишича, мазкур ишга ҳаммаси бўлиб 158 одам алоқадор, деб топилган. Қўлга олинганларга мафия фаолиятига дахлдорлик, халқаро наркотрафик, жиноий йўллар билан орттирилган маблағларни ўзлаштириш, коррупция ва бошқа оғир жиноятларга доир айблар қўйилган. Италия томондан 700 нафарга яқин молиявий гвардиячилар қатнашган операцияда жиноий гуруҳлар ихтиёридан жами 169 миллион евро миқдордаги мол-мулк ва маблағ мусодара қилинган.