Билль Гейтс ўзининг CОVID-19 пандемиясига «алоқадорлиги» ҳақидаги назарияларга изоҳ берди
Microsoft асосчиси Билль Гейтс уни коронавирус пандемиясига алоқадорликда айблаган фитна назарияларини яна бир бор рад этди.
Коронавирус бошлангандан бери ижтимоий тармоқлар, Интернет ҳамда оммавий ахборот воситаларида Билль ва Мелинда Гейтс жамғармасининг пандемияга алоқадорлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда, улар гўё инсониятни чиплаштириб, дунё миқёсида кузатиш учун вакцинадан фойдаланмоқчи.
Гейтсни «дунё аҳолисининг 15 фоизини йўқ қилиш» ниятида айблаган видео эса YouTube’да миллионлаб фойдаланувчилар томонидан кўрилди.
«Бу пандемия, ижтимоий медиа ҳамда жуда оддий изоҳ қидираётган одамларнинг тушкун комбинацияси», дейди CNN’га берган интервьюсида Гейтс пандемия билан курашиш учун жамғармаси томонидан 250 миллион доллар хайрия қилинганини эслатар экан.
«Барибир ҳам, ҳамма нарса тескари томонга ўзгаради. Уларнинг айтишларича, биз пул ишлаяпмиз ва шунинг учун ҳам одамларни вакциналар билан ўлдиришга ҳаракат қилмоқдамиз», деб қўшимча қилди Гейтс.
Бундан олдин, июнь ойининг бошида Microsoft асосчиси унинг дунё миқёсида одамларни чиплаштиришга қаратилган фитнада иштирок этгани ҳақидаги фитна назариялари инкор этиш учун ҳам жуда аҳмоқона эканлигини маълум қилган эди.