Қидирувдаги Роҳинжа қочоқлари оролчадан тирик ҳолда топилди
Малайзиянинг Лангкави оролига сузиб ўтаётганда чўкиб кетган, деб гумон қилинган йигирма олти нафар Роҳинжа қочоқлари шу яқин ўртадаги оролчадан тирик ҳолда топилди, дея хабар берди Малайзия соҳил қўриқлов хизмати расмийси.
Роҳинжа мусулмонлари 2017 йилда ватанлари бўлган Мьянмада ўзларига қилинган ҳарбий ҳаракатлардан кейин қўшни Бангладешга кўчиб ўтишга мажбур бўлишганди. Аммо Роҳинжалар Бангладешдаги қочоқлар лагерларида ҳам зулмларга учрашмоқда. Шунинг учун улар яхшироқ ҳаёт кечириш илинжида аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар бўлган Малайзияга қочиб ўтишни афзал кўрмоқда.
“Роҳинжа қочоқлари оролдаги буталар ортига яшириниб ўтирган пайтларида топилди” дейди Малайзия денгиз агентлиги бош директори Моҳд Зубил Мат Сом. Ҳукумат ушбу қочоқларни ҳибсга олган. Чунк, Малайзия уларнинг қочоқлик мақомини тан олмайди.
Ўтган ойда ҳам Малайзия ҳукумати Лангкави оролига етиб келган 269 нафар Роҳинжа мусулмонларини қўлга олганди. Ушбу Роҳинжаларнинг қайиғи тўрт ой давомида денгизда сарсон бўлгани учун ўнлаб қочоқлар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Бош Вазир Муҳиддин Ясин коронавирус инқирозидан кучсизланган иқтисодиёт туфайли Малайзия энди бирорта ҳам Роҳинжа қочоқларини қабул қила олмаслигини таъкидлаганди.