Икки қаҳрамон. Қайси бири янада жасоратлироқ?
Ажаб савдолар… бугунги хабарларда иккита қизиқарли ҳодисага дуч келдим. Биринчиси, оғир атлетика бўйича 2018 ва 2019 йилларда Европа чемпиони, латвиялик оғир атлетикачи Ребека Коха ўзининг муслима бўлганини эълон қилди.
22 ёшли спортчи мухлисларидан унинг қарорини ҳурмат қилишни ва шу муносабат билан сочлари, қўллари, бўйинлари ва оёқлари кўринадиган фотосуратларни нашр қилмасликларини ёки тарқатмасликларини илтимос қилган.
Иккинчиси, Ўзбекистонда юз берган. Психолог Сайёра Азларовани хусусий телеканаллардан бирига COVID19 ва унинг атрофидаги муаммолар бўйича интервью олиш учун чақиришган.
“Эфирга ярим соат вақт қолганида эса, рўмолимни ечишни ёки бошқача ўрашни илтимос қилишди…
Мен бундай қилолмаслигимни, яхшиси, кўрсатувни менсиз олаверишларини айтиб, у ердан кетдим”, деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасига.
Мен наздимда, уларнинг иккиси ҳам қаҳрамон. Аммо қайси бири янада жасоратлироқ. Шунинг фарқига боролмай турибман.
Дини Исломдан йироқ юртда, иймон-эътиқоддан узоқ одамлар орасида туриб, ҳеч қўрқмасдан ўзининг муслима бўлганини эълон қилиб, очиқроқ суратларини бермасликни талаб қилган Ребека Кохами ёки аждодларининг буюк мусулмон олимлари экани билан фахрланадиган ва ўзлари янада буюкроқ мусулмон эканликларини даъво қилиб, “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб яланг кўкракларини кериб юрадиган, мушфиқа аёлларнинг бошидаги рўмолига чанг солишга тайёр турган кимсалар орасидаги Сайёра Азларовами!..
Сиз нима дейсиз, азиз ватандош? Уларнинг қайси бири жасоратлироқ?..


Ребека Коха Сайёра Азларова
Дамин ЖУМАҚУЛ